Эстетик дид тушунчаси ва унинг фалсафий-методологик асослари

I Боб. Эстетик дид тушунчаси ва унинг фалсафий-методологик асослари

    1. Диднинг эстетик англаш тузилмасидаги ўрни
 

    Воқеликка эстетик муносабат эстетик онгни  вужудга келтиради. Лекин у воқеликни  инсон сезги органларига таъсир этиши натижасида пайдо бўладиган  пассив оқибат бўлмасдан, балки воқеликка таъсир этиб уни ўзгартириб юборишдек фаол кучга ҳам эгадир. Эстетик фаолиятнинг олий шакли бўлган санъат инсоннинг воқеликка бўлган ҳиссий муносабатларининг ҳамда бу воқеликни гўзаллик қонуниятлари асосида идрок этишнинг энг муҳим шакли ҳисобланади. Санъатда инсоннинг воқеликка бўлган эстетик муносабати тўла ва ҳар томонлама, кенг қўламда ўз ифодасини топади. Лекин инсоннинг воқеликка бўлган эстетик муносабати фақат санъатдагина намоён бўлиб қолмасдан, балки табиат, жамият ва ижтимоий ҳаётнинг турлича воқеа ва ҳодисаларидан эстетик таъсирланиш  жараёнида пайдо бўлади ва шаклланиб боради.

      Эстетика воқеликни инсон томонидан  гўзаллик қонуниятлари асосида  эстетик идрок этиш ва ўзгартириш  ҳақидаги фандир. Лекин воқеликни  инсон томонидан эстетик идрок этилишида санъат ўзига хос алоҳида аҳамият касб этади. Эстетик хусусият бизнинг воқеликка бўлган муносабатда мавжуд, десак хатога йўл қўйган бўламиз. Чунки бирор нарса биз учун гўзал ёки хунук кўрингани учун гўзал ёки хунук бўлмасдан, аслида ўзи гўзал ёки хунук бўлиши мумкин. Агарда борди-ю, ҳамма гап бизнинг муносабатимизга боғлиқ бўлса, унда биз истаганча у нарсани гўзал, бу нарсани хунук деб айтаверишимиз мумкин. Бу назария тарафдорлари эстетик хусусиятларнинг нисбийлигига асосланадилар. Масалан, юз йил олдин гўзал деб аталган бирор нарса ҳозир хунук кўриниши мумкин ёки аксинча, ҳозирги гўзаллик намуналари бир неча йиллардан сўнг хунук кўриниши мумкин. Аммо бу гўзалликка хос хусусиятни ўзимиз яратамиз, деган маънони англатмайди.

    Ҳақиқатан ҳам, ҳамма гап борлиқда, воқеликни  ўзида. Эстетик хусусият воқеликнинг  туб мағзида, моҳиятида мавжуд бўлади. Биз шу хусусиятларни кашф қиламиз, улардан озиқланамиз. Бироқ, бу онг, муносабатнинг ўрни жуда суст, деган  эмас. Бизнинг воқеликка бўлган муносабатимиз воқеликнинг моҳиятига мос бўлиб тушгандагина ҳақиқий, реал гўзал ёки хунук эканлигини сеза оламиз. Борди-ю, бизнинг муносабатимиз реал асосдан махрум бўлса, унда воқеликдаги эстетик хусусиятларининг туб моҳиятини очиб бера олмаймиз.

    Гўзаллик билан яхшилик бамисоли эгизак, доим бир-бирини тақозо қилган, бир-биридан келиб чиққан. Қадимги юнонларда бу икки тушунча бир бутуннинг икки томони сифатида қаралган. Ҳозирги пайтда ҳам этика билан эстетиканинг бирлиги кишилар ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Чин инсоний ахлоқ нормаларини ривожлантириш чин эстетик дидни шакллантиришни ҳам талаб этади. 

    Эстетик дид – инсоннинг кўп асрлик меҳнат фаолияти натижасида шаклланади ва индивидуал ва ижтимоий характер касб этади. Эстетик дид инсоннинг  юриш-туришида, фикр юритишида, характерида, у юзага келтирган моддий ва маънавий бойликлар, бадиий ижодиёт маҳсулларида ва атроф- муҳитга эстетик муносабатларида юзага келади, шаклланиб боради1.

    Эстетик дид мураккаб характерга эга бўлиб, у бирор бир кўриниш ёки предметга нисбатан “гўзаллик ёки хунуклик”, “ҳузур олиш” қобилияти ҳақида фикр юритиш демакдир. Кишилар ўзаро суҳбатлашиш жараёнида “ёқади ёки ёқмайди”, “қизиқали ёки зерикарли” каби ҳукм ва хулосаларни чиқаришади. Бу эса эстетик баҳолашни ўзида мужассамлаштиради. Дид ҳамиша индивидуал характерга эга2. Масалан, кимгадир Алишер Навоий ғазаллари ёқса, яна кимгадир Умар Ҳайёмнинг рубоийлари, кимгадир эса баҳор фасли бўлса, кимгадир эса куз фасли ёқиши мумкин. Айрим манбаларда дид ҳақида баҳс юритилмайди деган фикр ва мулоҳазаларни ҳам учратишимиз мумкин. Бундан кўриниб турибдики, эстетик дид туғма қобилият эмас, аксинча, ташқи оламдан таъсирланиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган тарбия маҳсулидир. Нафосатли, мулойим, ёқимли дид такомиллашишида шахснинг дунёқараши, билими муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.

    Дид – шахснинг ташқи олам нарса ва ҳодисалари, ижтимоий ҳаёт воқеалари, кишилар ўртасидаги алоқа ҳамда  боғланишларини, муносабатларини, адабиёт  ва санъат асарларининг қадр-қиммати, қирра, хосса ва хусусиятларини баҳолаш, сифат даражасини аниқлаш ва улардан эстетик завқланиш, лаззатланиш демакдир. Эстетик диднинг шаклланиши объектив реаллик нарса ва ҳодисалардан бевосита, индивидуал, беихтиёр ҳолда содир бўлади. Теварак-атрофга фаол, қизиқиш билан муносабатда бўладиган шахсларда нозик эстетик дид юзага келади. Бундай шахслар воқелик эстетик мазмунидан тўлақонли роҳатлана оладилар.

    Одамлар ўртасида «Дид ҳақида баҳслашмайдилар», деган ибора юради. Эстетик диднинг  субъектив характерини инкор  этмаган ҳолда дид ҳақида баҳслашиш, муҳокама юритиш, кишиларда нохушлик, норозилик уйғотувчи қўпол, дағал диддан қутилиш лозим. Эстетик дид туғма қобилият эмас, аксинча, ташқи оламдан таъсирланиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган тарбия маҳсулидир.

      Эстетик дидни шакллантириш жараёни бевосита эстетик тарбия билан боғлиқ. Маълумки тарбиянинг вазифаси инсон онги, ҳис-туйғулари ва хатти-ҳаракатларига таъсир этиш, шунингдек ўз фаолиятини ривожлантиришга ёрдам беришдан иборатдир. Тарбиянинг бошқа шакллари каби эстетик тарбия ҳам мана шу вазифани амалга оширишда ўзининг муҳим ҳиссасини қўшади. Эстетик тарбия жараёнида инсоннинг эстетик қарашлари ва тушунчалари умумлашади, эстетик диди ривожланади ва мукаммаллашади. Айниқса, ёшларнинг эстетик дидини шакллантиришга катта таъсир кўрсатади. Эстетик дид эса ўз навбатида инсоннинг ўзлигини кўрсатишда намоён бўлади. Чунки дид инсоннинг хоҳ моддий, хоҳ маънавий фаолияти бўлсин, у албатта намоён бўлади.

    Маълумки, ёшларнинг маънавий қиёфаси, ахлоқий  ва эстетик фазилатлари кундалик амалиётда, уларнинг меҳнат ва жамоат амалиётларида хилма-хил ижтимоий-тарихий омиллар, воситалар таъсирида шаклланиб боради. Сир эмаски, ёш авлод маънавиятини шакллантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ижодий қобилиятини юксалтиришга чорлайди, лекин бунга албатта метиндай мустаҳкам ирода керак бўлади. Бу эса эстетикадир. Агар билсангиз, эстетик тарбия марказида инсоннинг гўзалликка бўлган нафси туради.

    Эстетик тарбия соф маънавий ҳодисадир, деган  нотўғри фикр кўпинча айрим ёшларнинг  эстетик диднинг шаклланишига бефарқ қарашига олиб келади. Яъни эстетик диди шаклландими, шаклланмадими, эстетик тарбия топтими ёки йўқми – барибир, асосийси иқтисодий масалалардир, дегувчилар икки томонлама янглишадилар. Биринчидан, маънавий томон билан иқтисодий томонни қарама-қарши қўйиб, маънавий томонни пастга уриш орқали инсоний туйғуларни менсимайдилар, иккинчидан эстетик дидни иқтисодий эҳтиёждан бутундай ажратиб, иқтисодий томоннинг ўзини ҳам нотўғри характерлайдилар. Эстетик тарбия маънавий томоннинг энг муҳим таркибий қисми сифатида эстетик дидни тақозо этишини инкор қилиб бўлмайди1.

    Эстетик диднинг пастлиги инсон ҳаётининг  барча томонларига салбий таъсир қилади. Масалан, баъзи ёш оилаларда  иқтисодий томон эмас, балки маънавий омиллар туфайли бузилиб кетиш  ҳоллари йўқ эмас. Туйғуларнинг пастлиги ва қашшоқлиги, гўзалликни сеза билмаслик, қадрлай билмаслик каби омиллар эр-хотин ўртасидаги муносабатга путур етказмоқда. Ёки меҳнат жамоасида ўз муомаласи, хатти-ҳаракати кийиниши туфайли ё ҳурмат қозонмоқда ёки ҳурматсиз бўлмоқда.

    Уйдаги  совуқ ҳаёт, кўримсиз турмуш ёшларнинг  иш фаолиятига ёмон таъсир кўрсатиши  турган гап. Совуқ ҳаёт, кўримсиз турмушда дидсизликнинг роли йўқ, деб ўйлайсизми?! Ёки эстетик диднинг пастлиги туфайли айрим ёшлар Европа санъати, маданиятига кўр-кўрона эргаша бошлайди. Натижада бундай ҳаракат бора-бора хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Демак, эстетик диднинг шаклланиши шунчаки арзимас нарса эмас, балки инсон ҳиссиётининг, яшашининг туб мақсадларидан биридир1.

    Эстетик диднинг шакланиши, албатта даврнинг характери билан ҳам боғлиқ. Биринчидан, ҳар бир давлат ўз талабига мос ҳолда эстетик диднинг янгидан-янги нормаларини вужудга келтиради. Бу янги нормалар эса ўз навбатида барча кишилар томонидан ўзлаштирилгунча анча вақт ўтади. Бизнинг давримиз ҳам шу жиҳатдан ўз хусусиятига эга. Давримиз мураккаб, шунга кўра эстетик тарбиянинг шаклланиши ҳам силлиқ, осон кечмайди. Инсон ҳаёти иқтисодий омиллар билан шунчалик боғланиб қолганки, маънавий омиллар учун имконият бир қадар қисқариб кетаётгандик, инсон шахси даврнинг кескин ҳаракати қаршисида ўз маънавий хусусиятларини озми-кўпми маҳрум бўлаётгандай туюлмоқда. Инсон қанчалик иқтисодий омиллар билан банд бўлмасин, ишлаб чиқариш уни қамраб олмасин, барибир у истаса маънавий омилларга эҳтиёж ҳам сеза олади, маънавий бойиш учун вақт ҳам топа олади. Зеро, инсон эҳтиёжлари чексиз бўлганидек, унинг шаклланиш, ўз қобилият ва тафаккурини намоён қилиши чексиздир. Демак, асосий мақсад, эстетик тарбияни ниҳоятда зарур эканлигини ва ёшларда эстетик дидни шакллантириш, айниқса, бизнинг давримизда жуда зарур эканлигини таъкидлашдир.

    Эстетик камолот маънавий ҳаётнинг энг нозик, шу билан бирга мураккаб кўринишларидан бири ҳисобланади. Инсон шахсиятида эстетик диднинг шакланиши аста-секинлик билан давом этадиган жараён ҳисобланади. Эстетик кўникмалар инсон вужудига сингиб, унинг эътиқодига айлана бориши зарурдир. Эътиқодга айланмаган кўникмалар беқарор бўлиб туради, арзимас туртки билан кескин ўзгариб кетади. Агарда бу борада керакли тадбирий ишлар кўрилмас экан, эстетик тарбия соҳасидаги барча ҳаракатлар етарли натижа бермаслиги аниқ. Эстетик тарбия соҳасидаги қолаверса эстетик дидни шакллантириш соҳасидаги энг қийин ишлардан бири ҳам аслида, ана шундадир.

    Психологларнинг фикрича, “ёшлик чоғида ўзини ифодалаш, ўзини рўёбга чиқариш соҳасини ва унинг усулларини танлаш, энг аввало, ёшлик йилларида юз беради”2.

    Ёшларнинг ўзини тутиши статегияларини таҳлил қилиш ҳаётий истиқболларни, жамоатчилик  ҳаётида ва бир вақтнинг ўзида  ўзини ифода этиш учун жиддий муносабатларни яратувчи ва муайян ҳаётий макон шакллантирувчи у ёки бу ижтимоий тенденцияларда иштирок этишини ўрганишни назарда тутади. Бунга қуйидаги асосий кўрсаткичлар киради:

  • ватанпарварлик ва Ватанга содиқлик даражаси;
  • кўпроқ ёшларни хавотирга солувчи муаммолар;
  • ўзини ижтимоий ҳис этиш;
  • устувор ҳаётий қадриятлар ва режалар;
  • ижтимоий етуклик даражаси3.

   Фикримизча  эса, бу кўрсаткичлардан ташқари  ёшларда бадиий нозик дид, таъсирчан  ва очиқ кўнгилли қалбни узлуксиз такомиллаштириб  бориш лозим.

    Эстетика  воқеликни инсон томонидан гўзаллик қонуниятлари асосида эстетик идрок этиш ва ўзгартириш ҳақидаги фандир. Инсоннинг воқеликка муносабатлари турлича эстетик назарияларсиз унумли ривожлана олмайди. Инсоннинг воқеликни билиш доираси узлуксиз кенгайиб бориши инсон учун ҳали номаълум бўлган янгидан-янги хусусиятларни юзага чиқариб боради. Воқеликка эстетик муносабат доираси кенгайган сари унинг эстетик фаолияти турлари ҳам шунчалик кенгайиб бораверади. Натижада, инсоннинг эстетик фаолияти унинг воқеликка нисбатан бўлган бошқа фаолият турлари билан зарурий холда боғланиб, турли алоқаларни юзага келтириб боради. Акс ҳолда, инсоннинг эстетик фаолияти турғунликка учраши муқаррардир. Шу йўл билан эстетика инсонни воқеликка эстетик муносабати қонуниятларини ўрганувчи мустақил фан сифатида шаклланиб боради.

    Ҳозирги замонда фан ва техниканинг тўхтовсиз  ривожланиши инсоннинг воқеликка  бўлган эстетик муносабатларини  янгидан-янги томонларини очиб бермоқда. Бу эса, ўз навбатида, эстетиканинг бошқа  фанлар билан ўзаро алоқаларини  мустаҳкамлайди. Масалан, ҳозирги замон эстетика фанини социология, психология, кибернетика каби фан соҳалари, ахборот назарияси, компьютер, интернет тармоқлари билан ўзаро муносабатларсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Айниқса, кейинги йилларда ҳаётимизга дизайн ёки бадиий лойиҳалаш каби амалий санъатнинг янги турларининг кенг миқёсда кириб келиши ва буларнинг утилитар (фойдали) ва эстетик хусусиятларини илмий асослашда баъзи техникавий фанларга ва уларнинг техник воситаларига мурожаат қилмасдан ҳал қилиш асло мумкин эмас.

    Кино, телевидение, радио, бадиий фотография, оммавий байрамлар ташкил этиш каби янги санъат турларини пайдо бўлиши ва уларнинг кенг қўламда интенсив узлуксиз ва тез суръатларда ривожланиши  ҳам фан ва техниканинг таъсири  натижасидир. Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, бу янги санъат турларини пайдо бўлиши ва уларнинг техникавий хусусиятлари баъзи анъанавий санъат турларининг ижтимоий хусусиятларини тубдан ўзгартириб юборди. Цирк, театр, архитектура, ҳайкалтарошлик, живопис ва бошқа санъат турларини истемолчи-томошабинларининг давраси чексиз кенгайиб кетди. Кенг халқ оммаси санъатга бевосита яқинлашди. Ҳар бир хонадонга санъат кириб келмоқда. Бу ҳодиса, ўз навбатида, фото ва киноаппарат, телевизорлар, компьютер, магнитофон, видео-магнитофон, кинокамера сингари ахборот воситаларининг кун сайин такомиллашиши бадиий фотография, мусиқа ва шунга ўхшаган санъат турлари учун оригиналлик (шедевр) муаммосини ҳам келтириб чиқармоқда. Чунки бу воситалар санъат асарларини керакли ҳажмда ва миқдорда кўпайтириш мумкин. Уларнинг оригиналдан кўпайтирилган нусхалари томошабин ёки эшитувчида бир хил эстетик ҳиссиёт уйғотаверади. Уларнинг техник имкониятлари ижодкор билан санъат мухлислари, ижрочи ва томошабин ўртасида мавжуд бўлган оралиқ-масофани деярли йўқотиб юбормоқда.

    Эстетиканинг тарбиявий аҳамияти шундаки, у ахлоқий, сиёсий, меҳнат, жисмоний, ҳуқуқий ва бошқа тарбия турлари сингари кишиларни гўзаллик қонуниятларига одатлантириш, воқеликка гўзаллик қонуниятлари асосида муносабатда бўлишни ўргатишдир. Ҳар бир кишида гўзалликни изчиллик билан идрок этиш, уни кундалик турмушга кенг кўламда тадбиқ этиш қобилиятларини шакллантириш зарур. Гўзалликни тўғри идрок этиш ва унга содиқ бўлиш хусусиятига эга бўлган шахсларгина маънавий бой ва ахлоқий покиза бўла олиши мумкин. Бундай шахслар воқеликни эстетик идрок этибгина қолмасдан, балки, уни фаол ва ижодий равишда эстетик ўзгартириши мумкин.

    Инсоннинг ҳаётидаги ҳамма фаолият турлари  чегарасини белгилаш қанчалик мушкул бўлса, инсонни эстетик тарбиялаш  йўллари ва воситаларини аниқлаш  ҳамда улардан энг муҳимини ажратиб кўрсатиш ҳам шунчалик қийиндир. Лекин булар ичида энг муҳим ва тўла таъсирчан хусусиятларга бой бўлган восита-санъатдир. Санъат инсонда гўзалликни сезиш, таъсирчан дид ва идеални тарбиялашда жуда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам кишиларни тарбиялашда илғор эстетик назарияга асосланган санъатнинг ўрни каттадир. Санъат ўзининг эстетик лаззатлантириш хусусияти билан инсон юрагининг нозик торларига, унинг руҳиятига таъсир этиш билан мафкуранинг бошқа ҳамма воситаларидан фарқ қилади. Санъат асарларини яратишда ва ижро этишда бевосита қатнашадиган ижодкорлар, бадиий маданият ходимлари, юқорида айтилгандек, эстетик таълимотларни чуқур ўзлаштиришлари лозим. Юксак бадиийлик уфуриб турган ҳақиқий санъат асарини яратиш ва ижро этиш ижодкордан юқори маданият ва билимдонликни талаб қилади десак, биз янгилик ихтиро қилмаймиз. Чунки шундай ижодкорларгина янги жамият қурилишининг фаол вакилларини тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўша олиши мумкин. Шу сабабдан эстетик тарбия кишиларнинг шахсий хусусиятларини, яъни бадииятга хос бўлган хислат ва лаёқатларини инкишоф эттиришда асосий омилдир. Эстетик тарбия киши фаолиятининг муҳим ва фаол йўналиши бўлиб қолаверади. Мустақил жамият қурилиши жараёнида бир киши – ҳам эстетик тарбияланувчи, ҳам эстетик тарбияловчи хусусиятларига эга бўлиб бораверади.

    Маданиятлилик инсон шахсининг ажралмас сифати ва хусусияти бўлмоғи лозим. Маданият, асосан, тарбиялаш йўли билан шакллантирилади. Демак, санъат ва маданият олий ўқув юртларининг  талабалари санъат ва маданият соҳасида ҳам тарбияланувчи, ҳам эстетик тарбияловчи мутахассис бўлиб етишмоқлари учун улар эстетик тарбия назарияси асосларини мукаммал ўзлаштиришлари шартдир. Сиз санъат ва маданият олий таълим даргоҳларининг талабалари жамиятимиз фуқароларини эстетик тарбиялаш

    Ҳар қандай жамиятнинг келажаги, унинг  ривожланиши ва фаровонлиги ёшларга  боғлиқдир. Чунки улар шу жамиятнинг қурувчилари, унинг эртанги куни, амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини асраб қолувчи, ривожлантирувчи  ва яратувчиларидир. Шу маънода ёшлар жамиятнинг эртанги куни экан, уларни маънавий етук, нозик дидли, жисмонан бақувват ва соғлом бўлиб камол топиши жуда муҳимдир.

      Шахс тарбиясининг муҳим йўналишларидан  бири, бу эстетик-ғоявий тарбиядир.  Бу – эстетик тафаккур, эстетик  дид, эстетик дунёқараш, эстетик ҳис-туйғу, эстетик қарашларни мақсадли шакллантириш жараёнидир.

    Албатта шахсда эстетик ҳис-туйғу бўлмас экан, эстетик талаб ва эҳтиёж ҳам  бўлмайди. Эстетик ҳис-туйғу эса  шахснинг борлиқни эстетик қабул  қилиш ва ўзгартириш қобилиятини  ифодалайди. Шахс эстетик эҳтиёжини қондириш учун у ёки бу амалий меҳнат жабҳасида бадиий ижодлилик асосида муайян хатти-ҳаракатда бўлиши, табиат билан муносабатга кира олиши, бошқа кишилар билан ўзаро алоқада бўлишда эстетик завқ, эстетик қаноат ҳосил қила олиши керак. Бунинг учун эса шахсда эстетик дид шаклланган бўлиши керак. Ёшларда эстетик дидни шаклантиришда эстетик фаолият муҳим ўрин тутади. Эстетик фаолият – ижтимоий фаолиятнинг муҳим соҳаси бўлиб, теварак-атрофни, табиатни, унинг турли-туман нарса ва ҳодисаларини, ижтимоий ва маиший турмушни, меҳнат жараёнини эстетик ўзлаштириш, ўзгартириш ва қайта қуришга қаратилган хатти-ҳаракатлар йиғиндисини ифодалайди. Бу фаолият жараёнида инсон ташқи оламни, теварак-атрофни қайта қуришни ўрганар экан, аста-секин ўзини-ўзи қайта қуради. Бадиий-эстетик диди пайдо бўлади ва такомиллашиб боради.

    Инсон эса воқеликни гўзаллик қонунлари  асосида ўзгартиради. Унинг воқеликка  бўлган онгли муносабати жараёнида  унинг сезги органлари фақат  пассив, оддий акс эттирувчи қурол  бўлиб қолмасдан, ўзлари ҳам ўзгариб, ривожланиб боради. Шу тарзда инсоннинг онги бошқа органлари билан биргаликда ривожланади. Демак, бошқа тирик мавжудотларга нисбатан инсоннинг воқеликка бўлган муносабати мураккаб жараёндир. Бу жараёнда инсон томонидан воқеликни акс эттириш, билиш, ўзгартириш, қайта қуриш билан бирга ташқи олами билан муносабатда бўладиган барча аъзолари – қўли, оёғи, кўзи, қулоғи, гавдаси ҳам ўзгариб, ривожланиб боради, такомиллашади, юқори поғонага кўтарилаверади. Улар пировард оқибат шу даражага етадики, натижада нодир, умрбоқий тасвирий, ифодавий санъат асарларини яратишга қодир бўлади. Инсон мана шундай ривожланиб такомиллашган сезги органлари ёрдамида Ҳ.Носирова, С.Қобилова, Б.Давидова, М.Раззоқова каби хонандалар, Т.Алиматов, А.Исмоилов сингари созандалар ижроларидан юксак даражада завқ олади, Ў.Тансиқбоев Р.Ахмедов, А.Мирзаев каби рассомлар асарларидан нигоҳ уза олмай роҳатланади. Бошқа онг шакллари сингари инсоннинг эстетик онги ҳам унинг воқеликка бўлган муносабатининг маҳсули бўлиб, ўз навбатида, инсон ҳаётида бошқа онг шакллари сингари унинг тараққиёти, камолотида алоҳида вазифани бажаради. Бу вазифани амалга оширишда эстетик онгнинг сифати, мазмуни, камолот даражаси, эстетик онгнинг бошқа элементларининг хусусиятлари ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўладиган омиллардан ҳисобланади. Эстетик онг бир неча қисм ва элементлардан: сезги, дид, идеал, тушунча, назария ва баҳо кабилардан ташкил топади ва улар ўзаро бир-бирлари билан ажралмас боғлиқликда фаолият кўрсатади.

    Эстетик сезиш ва эстетик ҳис-туйғулар – инсоннинг узоқ йиллар давомида олиб борган меҳнат фаолиятининг натижасида шаклланиб, шахсий ва ижтимоий хусусиятга эга бўлган руҳий-физиологик сифат белгисидир. Эстетик сезиш ва ҳис-туйғулар ривожланиши ва шаклланиши инсоннинг меҳнат қуролларининг такомили билан боғлиқ бўлиб, унинг физиологик ва психологик ўзига хос хусусиятлари, инсоннинг ахлоқий, ақлий-ҳис этиш қобилиятларига боғлиқ холда юзага келади.

    Сезги органлари ҳақида гап кетганда, шу нарсани таъкидлаш керакки, улар тирик мавжудотларни ташқи олам билан алоқа ва боғланишлари, ташқи муҳитга мослашишлари учун табиат инъом этган буюк қобилиятлардан биридир. Бу қобилият тирик табиатнинг барча нарсаларида турлича сифат белгиларига эга бўлган ҳолда юзага келади. Юзаки қараганда, баъзи ҳайвонлар, қушлар, ўсимликларни сезиш органлари инсон сезги органларидан кучлироқ, ўткирроқ, сезувчанроқ бўлиб кўриниши мумкин. Масалан, бургут инсонга нисбатан кичик нарсаларни узоқдан кўра олади, бўрининг ҳид билиши кучли, мушук кеча қоронғусида ҳам сичқонни кўриш имкониятига эга, ит ва отнинг эшитиш органи ниҳоятда кучли ривожланган. Лекин уларнинг сезгиларининг моҳияти, мазмуни, сифати ва вазифасига чуқурроқ фикр-мулоҳаза ташланса, ҳайвонлар, қушлар ва инсон сезгиларида сифат жиҳатдан катта фарқни кўриш мумкин. Ўтказилган тажрибаларда бургутнинг кўзи фақат ҳаракатдаги қушларни, зараркунанда – кемирувчиларни кўра олиши, мушук оламни фақат икки рангда – оқ ва қора рангларда сеза олиши, бўрининг ҳид билиш органи тўрт километргача узоқликдаги қон ҳидинигина сезиши (гул ҳидини эмас) аниқланган. Ҳайвонлар, қушларнинг у ёки бу сезги органини кучли ривожланганлиги уларнинг ҳаёт кечириш шарт-шароитлари, ташқи муҳитга мослашиш орқали шу турларни яшаб кўпайиб боришлари, ўз душманларидан ҳимояланишлари учун зарур эканлигини кўрсатади. Инсоннинг сезги органлари ҳайвонлар, қушлар сезги органларидан узоқроқдаги ёки кеча қоронғусидаги нарсаларни яхши кўриш, узоқдаги ҳидни сезиш, товушни эшитишдан маҳрум бўлса-да, лекин унинг сезги органлари уйғунликда ривожлангани туфайли оламни барча ранг-баранглиги, хусусият ва ҳоссаларини уйғунликда билишга қодирдир. Иккинчидан, инсон ўз онги, ақл-заковати, тафаккур кучи билан шундай асбоб-ускуналар ярата оладики, улар ёрдамида миллионлаб километр олисликдаги сайёраларни, космосдан тарқалаётган овозларни, кўзга кўринмайдиган кичик организмлар – микроблар, бактериялар, вирусларни, атом-молекулаларини кўриши, кузатиши, улар ҳақида илмий хулосалар чиқара олиши мумкин. Эстетик ҳис этиш даражаси ва сифати воқеликнинг эстетик қабул қилиш, ундан ҳиссий ҳаяжонланиш натижасида юзага келадиган фаолият бўлиб, унинг мазмуни, ҳаракатга келиш усуллари ва кучи кўплаб ижтимоий заруриятлар билан белгиланади.

    Эстетик сезиш ва ҳис-туйғулар инсонда асосий эстетик хусусиятлар – тушунчалар шаклланишда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабларга кўра сезиш – эстетик онгнинг муҳим элементи сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

    Бошқача қилиб айтганда, инсон объектив оламга фаол эстетик идрок этувчи ёки  яратувчи субъект сифатида муносабатда  бўлади. Унинг бу муносабати моддий ва маънавий объектларнинг эстетик сифатларини сезиш, идрок этиш ва аниқлаш жараёнининг мазмуни ва моҳиятида намоён бўлади. Шу сабабдан эстетик диднинг мазмуни ва сифати инсон бадиий ижодида муҳим аҳамият касб этади.

    Санъат  ходимлари ўзларида бадиий нозик, таъсирчан, очиқ кўнгилли дидни узлуксиз такомиллаштириб беришлари зарур. Бадиий эстетик қимматга эга бўлган ҳақиқий, нодир санъат асарларини бемаъни, бузуқ, беҳаё, дидсиз, юзаки асарлардан фарқлай олиши лозим. Нафосатли, мулойим, ёқимли дид такомиллашишида шахснинг дунёқараши, билими муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.

Эстетик дид тушунчаси ва унинг фалсафий-методологик асослари