Янги давпр сиёсий қарашлар ва таълимотлар

Янги  давр сиёсий қарашлар ва таълимотлар

 
 
 

Режа:

     Кириш

     Асосий қисм

  1. Сиёсий қарашлар ва таълимотларнинг шаклланиши.
  2. Шаркда сиёсий фикр вагоялар.
  3. Янги даврда сиёсий карашлар.
  4. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида гарб ва Шаркдаги сиёсий гоялар.

Хулоса

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 
 
 
 

    Кириш

        Хорижий мамлакатлар давлат ва ҳуқуқ тарихи фани билан сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар  тарихи фани чамбарчас алоқадор. Чунки  хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳуқуқи тарихи манбаларида турли  хил давридаги давлат ва ҳуқуқ ҳақидаги назарий билимларни билиб олиш мумкин. Ўз навбатида сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлдари тарихи уз усуллари ва воситалари билан хорижий мамлакатлар давлат хамда ҳуқуқи манбаларининг хусусиятлари илғор ёхуд салбий жихатлари ўрганилади.

        Инсон муаммоси, шахснинг давлат ва жамиятда тутган ўрни ва унинг жамият ҳаётидаги ўрнинни сиёсий қарашлардан акс этишини кузатиш мумкин. Сиёсий-ҳуқуқий қарашларнинг бундай йўналиши инсонпарварлик ғояси билан боғлиқдир. Бу йўналиш уйғониш даври билан бир вақтда пайдо бўлди. 
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     

1. Сиёсий қарашлар ва таълимотлар 

  Диний қараш. Сиёсий қарашларнинг шаклланиши ва қарор топишида ўзига хос анъаналар мавжуд бўлиб, сиёсий ҳодисалар турли хил талқин этилган. қадимги халқлар деб ҳисобланган мисрликлар, хитойликлар, ҳиндлар, бобилликлар, яҳудий, форс, греклар ва римликларнинг қарашларида ер юзидаги тартиб ва тартиботларни илоҳий куч билан боғлаб тушуниш, Аллоҳни унинг сабаби, манбаи деб ҳисоблаш анъанаси мавжуд бўлган. Бу сиёсий қарашларда диний анъана ҳисобланади.

  Масалан, қадимги Хитойда император ер юзидаги тартибларни илоҳий тартиблар билан боғлаб турувчи ягона шахс деб қаралган. Давлат ҳокимиятининг турли бўғинларида ишлаётган бошқа шахслар император ҳокимияти тартиботларини амалга оширувчилари ҳисобланган. Хитой императори осмоннинг ўғлигина эмас, ўз халқининг отаси ҳам ҳисобланган. Унинг ҳокимияти, ота-онанинг оилада болаларга нисбатан мавжуд бўлган ҳокимиятига ўхшашдир, деб ёндошилган.

  қадимги Мисрда эса Аллоҳ - ҳукмдор ҳокимиятнинг илк манбаи сифатида қаралган. Ерда ҳам унинг таъсири худди шундай сақланиб қолган. Бу ўзига хос пирамидага қиёс этилган, унинг учи худо ва унинг сайлаб қўйган фиръавнлари, асоси эса оддий халқ деб қаралган. Улар ўртасида руҳонийлар ва задагонлар турган. Жамият ва давлатнинг хулқ - атвори инсоннинг кўпроқ қайси тоифага тегишлилиги билан белгиланган.

  Қадимги Ҳиндистонда ҳам жамият ва давлатнинг келиб чиқиши илоҳий, мавжуд тартиб ва қоидалар ҳам шу асосда ўрнатилган, деган ғоялар мавжуд бўлган. Масалан, ригведаларда (эр. о, 11 минг йил) дунё тартиботи илоҳий қонунларнинг ҳукмронлигига ва инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг уруғ-кастачиликка асосланган ягона ғояга таянади. Бу тартибларни: маънавий (брахма) ва дунёвий (кшатра) томонидан, гарчи улар турли вазифаларни бажарса-да, лекин ўзаро бир-бирлари билан муносабатда амалга оширадилар. Ердаги тартиблар дунё тартиботларининг бир бўлаги, унинг таъсирида амалга ошади, деб ҳисобланган. Сиёсий фикр тарихида диний анъаналарнинг энг классик кўриниши Августин (шимолий Африка, 354-430 йиллар) нинг сиёсий назариясида ўз ифодасини топган. Христиан черковига хос белгилар унинг давлатдан устун туришига асосланган. «Черковга бўйсунмаган давлат қасоскорлар тўдасидан фарқ қилмайди», деган ғоя илгари сурилади. Инсонларни эса «илоҳий одам», «ердаги одам»га бўлади. Августин қарашларига Платоннинг икки дунё; Стоикларнинг икки полис тўғрисида, зардуштийларнинг бир - бирига қарама - қарши икки асос (яхшилик ва ёмонлик) тўғрисидаги қарашларининг таъсири борлиги кўриниб туради.

  Маълумки, ислом манбаларида «халиф», «амир», «имом» каби тушунчалар ҳокимият субъектлари, давлат ҳокимиятини юритувчи шахсларга нисбатан ишлатилган.

  Муҳаммад (С. А. В) дан кейинги тўрт халифа - Абу Бакр Умар, Усмон, Али ҳам ҳокимиятнинг диний ва дунёвий асосларини ўзаро яхлит ҳолда бирлаштирганлар. Алидан сўнг тахтга келган халиф дунёвий давлат тамойилларига алоҳида эътибор бера бошлайди. «Амир» диннинг ҳимоячиси унвонига сазовор бўлган, дунёвий ва давлатга хос ишларини ҳам ўзаро боғлиқ тарзда амалга оширган.

  Ф. Аквинский (1225-1274 йиллар) нинг сиёсий қарашлари ўрта асрда диний анъаналардаги сиёсий қарашларнинг энг чўққиси деб баҳоланган. Ҳаётлиги давридаёқ Рим католик черковининг «доктори» фахрий унвонига муяссар бўлган. Унинг қарашлари Х1Х асрда Рим папаси Лев - Х111 томонидан «католицизмнинг ягона ҳақиқий фалсафаси», деб эълон қилинган. Ф. Аквинский ҳокимиятни талқин этишнинг илоҳий назариясини ифодалаб, уч элементнинг бир-биридан фарқини кўрсатади: моҳият, шакл (эга бўлиш ва тузилиш) ва фойдаланиш. Ҳокимият ўз моҳиятига кўра илоҳийликнинг ўрнатилишидир. Шунинг учун у инсонларга яхшилик, эзгуликни олиб келади. Фақат ҳокимиятнинг конкрет шакли, ҳокимиятга эга бўлиш усуллари, унинг тузилиши ва ундан фойдаланиш Аллоҳнинг ғояларига зид, адолатсиз бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган. Сиёсий қарашларидаги диний анъаналар амалий ҳаётда ҳам ўз ифодасини топади. Масалан, турли мамлакатларда, дунёвий динлар кўринишлари билан мос равишда дин билан давлат ўртасида ўзига хос муносабат бўлиб, Черков билан подшоҳ ўртасида, руҳонийлар билан шоҳлар, амирлар, халифалар ўртасида ҳокимият учун низолар ва ўзаро келишмовчиликлар бўлиб турган. Бу ўрта асрларда асосан теократик давлат ҳокимияти кўринишини олган.

  Давлатни  бошқаришда Конституциявий асосга ўтилгандан кейингина дин ва давлат муносабатининг ҳуқуқий асослари аниқ кўрсатила бошлади. Дин давлатдан, мактаб черковдан ажратилди. Бугун ўзбекистон Республикаси ҳам Конституция асосида, дунёвий давлат қуриш вазифаларини амалга оширмоқда. Конституциянинг 61-моддасида ҳам «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган, ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди», деб қайд этилган. Бу давлат ва диннинг ўзаро муносабатларини белгилаб бериш учун асос ҳисобланади.

  Юридик  қараш. Сиёсий таълимотларда давлат ва ҳуқуққа инсон манфаати нуқтаи назаридан ёндошиш юридик анъана сифатида қадимги дунёда мавжуд бўлган. Бу Конфуций (э. о.552/551-479-йиллар) сиёсий қарашларида (Хитой); буддизм (Ҳиндистонда), Оташпарастликда, шунингдек, турли хил файласуфлар, мутафаккирлар сиёсий қарашларида ўзининг дастлабки ифодасини топган. Унинг негизида «ҳуқуқ» ва «қонун» тушунчаларини таҳлил этиш турган. Масалан, Конфуций жамият маъмурий ҳуқуқ (легизм), утилитар - иқтисодий (моизм) усуллар, шунингдек, нотабиий кучлар (даосизм) ёрдамида эмас, балки аҳлоқий нормалар асосида бошқарилиши керак. Шу нуқтаи назардан «давлат - ягона оила» деган ғояни асослашга ҳаракат қилган, унинг асосида шахслараро муносабатларни қўйган. Бу унинг ижтимоий - сиёсий қарашининг асосини ташкил этган. қадимги Римда юридик анъананинг шаклланишида Цицерон (эр. о. 106-43-йиллар) сиёсий қарашлари алоҳида ўринга эга. У «қонунлар тўғрисида» асарида давлат шакллари тўғрисида, унинг монархия, аристократия ва демократия кўринишларининг яхши томонларини ўзида ифодалаган аралаш идора этиш усули тўғрисида сўз юритади. Асардаги табиий ва абадий ҳуқуқлар, ҳуқуқ ва давлатнинг субъекти фуқаро тўғрисидаги қарашлар, ҳуқуқий давлат тўғрисидаги ғояларнинг пайдо бўлиши ва ривожида алоҳида ўрин тутади. Платон ва Аристотелнинг сиёсий қарашлари унга сезиларли таъсир кўрсатган. қадимги Римда юристларнинг илмий изланишлари натижасида ҳуқуқшунослик фани илмда янги йўналиш сифатида шаклланган. Бу изланишларда назарий ва амалий характерга эга бўлган кенг кўламли муаммолар қамраб олинганлиги билан ажралиб туради.

  Ҳамда уч даврга:

  1. Илк давр (эр. о. 1 аср ва унинг охирлари)

  2. Юқори давр (асримизнинг 11 асри)

  3. Кейинги давр (193-235-йй) ларга бўлинади. Бу даврларда кўп-гина ҳуқуқшунослар давлат хизматида бўлганлар, улар саволларга жавоблар бериб, ҳуқуқ ва қонунчиликнинг ривожига ўзларининг назарий ва амалий ҳиссаларини қўшганлар. Муаммога илоҳий ва дунёвий тамойиллар асосида ёндошганлар ва кўпроқ рационализм томонида турганлар.

  Сиёсий  социологик қараш. Сиёсий қарашларда сиёсий социологик ёндашув антик даврга бориб тақалади. Масалан, қадимги Грецияда сиёсий ғоялар ижтимоий - сиёсий институт сифатида полис, шаҳар - давлат ва шаҳар - жамият тарзидаги қарашларда ўз ифодасини топган. Политология тушунчалари «сиёсат», «давлат», «ижтимоий иш», «ҳокимият», «сиёсий ҳокимият», «сиёсий бошқарув», «бошқарув санъати» ва бошқа номлар билан кенг ишлатилган. Сиёсий - социологик анъана тўғрисида фикр юритганда Демокрит (эр. о. 460-370-йиллар), Платон (эр. о. 427-347-йиллар), Аристотель (эр. о. 384-322-йиллар) нинг сиёсий қарашларини ҳисобга олиш муҳим. Демокрит, давлат ишларини бошқа ишларга қараганда муҳимроқ деб ҳисоблаб, ҳар бир киши давлатни қулай бўлиши учун ҳаракат қилиши лозимлигини, кўпроқ ҳокимиятга эга бўлишга эмас, балки умумий иш учун фойдали бўлган томонларни ўйлаш кераклигини таъкидлаб, тўғри йўлдан бораётган давлатни энг катта таянч деб қайд этади. қачон у ҳалок бўлса, ҳамма ҳалок бўлади, деб ҳисоблайди. Бундай бўлмаслиги учун унинг уч йўлини: 1) тарбия, таълим, маълумот бериш; 2) ягона фикр бўлиши; 3) бошқара олишни тўғри олиб боришни кўрсатади, ҳамда бошқарувчининг қуйидагиларга: сиёсий бошқарув санъатини эгаллаш, шундай билим ва қадрга эга бўлмаганларга ишонишни ва аксинча, бунга эга бўлганларга ишонмасликни, Полис ишларини аниқ ва тўғри баҳолай олишни, инсонларнинг кайфияти ва талабларини билишни, психологик (руҳан) тайёр бўлишни, бошқалар устидан ҳокимиятни амалга оширишдан олдин ўз устидан ҳокимиятга эга бўлиш сирларини ўрганиши зарурлигига эътиборни жалб этади.

  Платон  сиёсий қарашларида дастлаб Сократ рационализмининг таъсири кўпроқ сезилса-да, кейинчалик унинг «Давлат», «Сиёсатчи», «Софист», «Парменид» ва «қонунлар» каби асарларида диний анъана кўпроқ сезилади. Платоннинг икки дунё тўғрисидаги қарашлари муҳим ўрин тутади. ¢оялар дунёси - бу ҳақиқий борлиқ бўлиб, ўзгарувчан инсон дунёсининг абадий ўзгармас илоҳий кўринишидир, ҳодисалар дунёси ғоялар дунёсининг бузилган ифодасидир. Платон сиёсатга ҳам шундан келиб чиқиб ёндошади, ҳамда идеал давлатнинг сифатларини таърифлайди. Давлатни идора этишнинг аристократия шаклини ёқлайди. Унинг бошқа шаклларини: тимократия, олигархиядан демократияга ва демократиядан тиранияга ўтиши мумкин деган фикрни келтиради.

  Аристотел (эр. о. 384-322-йиллар) сиёсий - социологик анъаналар ривожига улкан ҳисса  қўшган. У ўзининг «Сиёсат», «Этика»  ва «Риторика» каби асарларида ўз сиёсий ғояларини берган. Индивидларнинг сиёсий ҳаёти полисда (шаҳар - давлатда) мужассамлашади, деган фикрни илгари ташлайди. Унда инсон сиёсий мавжудот сифатида намоён бўлади. Инсонга адолат ва адолатсизликнинг фарқини англайдиган ягона мавжудот сифатида қарайди. Давлатнинг мақсади ҳамма фуқароларга фаровонлик улашишдир. Давлат индивид, оиладан кейин пайдо бўлган. Давлатнинг нисбий яхлит бўлишини маъқуллайди.

  Давлат  шакли, Аристотелча, ким томонидан (якка киши, нисбатан озчилик, ҳамма) ёки қандай мақсадда (умум манфаат ёки фойдасига; ёки шахсий манфаат ва фойдага кўра) амалга оширилиши билан белгиланади. Давлат шаклини тўғри ва нотўғри шаклларга бўлади. Тўғри шаклига монархия, аристократия ва политияни, нотўғри шаклига эга тирания, олигархия ва демократияни киритади ва уларнинг бир - биридан фарқини кўрсатади.

  2. Шарқдаги сиёсий фикр ва ғоялар. Сиёсий ҳаётга ёндошув услубидаги ўзига хослик негизида марказлашган кучли давлат қуриш мақсади мужассамлашганлигини кузатиш мумкин. Ана шундай кузатувлар жамланган, умумлаштирилган сиёсий қарашлари мавжуд бўлган буюк алломалардан бири Абу Наср Форобий (873-950йй) дир. У илк ўрта асрнинг буюк мутафаккирларидан бири бўлиб, фалсафий қарашлари билан бирга сиёсат тўғрисидаги фикрлари ҳақида унинг «китоб - ас - сиёсат ал - мадания», яъни шаҳарлар устидан сиёсат юргизиш китоби маълумот беради. Асарда сиёсатга алоҳида илм йўналиши сифатида қаралган. Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асарида адолатли жамиятга эришиш йўллари, «фозил шаҳар ҳокимининг фазилатлари» тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалари, давлат ҳокимияти ва бошқарувчи кадрларни танлаш ва жойига қўйиш билан боғлиқ бўлган ғоялари бугунги кунда ҳам миллий кадрлар тайёрлаш дастурини амалга ошириш ва мувофиқлаштиришда муҳим ўрин тутади. Фозиллар шаҳрининг биринчи бошлиғи тўғрисида Абу Носир Форобий шундай дейди: «Шу шаҳар аҳолисига имомлик қилувчи оқил киши бўлиб, у табиатан ўн иккита хислат - фазилатни ўзида бирлаштирган бўлиши зарур. Фозиллар шаҳри ҳокими аввало тўрт мучали соғ-омон бўлиб, ўзига юкланган вазифаларни бажаришида бирор аъзосидаги нуқсон ҳалал бермаслиги лозим... Иккинчидан, бундай шаҳар ҳокими табиатан нозик фаросатли бўлиб, суҳбатдошининг сўзларини, фикрларини тушуниб, тез илғаб олиши, шу соҳада умумий аҳвол қандайлигини равшан тасаввур қила олиши зарур. Учинчидан, у англаган, кўрган, эшитган, идрок этган нарсаларни хотирасида тўла-тўкис сақлаб қолиши, барча тафсилотларни унутмаслиги зарур. Тўртинчидан, у зеҳни ўткир, зукко бўлиб, ҳар қандай нарсанинг билинар-билинмас аломатларини ва бу аломатлар нимани англатишини тез билиб, сезиб олиши зарур. Бешинчидан, у фикрини равшан тушунтира олиш мақсадида чиройли сўзлар билан ифодалай олиши зарур. Олтинчидан, у устозлардан таълим олишга, билим маърифатга ҳавасли бўлиши, ўқиш, ўрганиш жараёнида сира чарчамайдиган, бунинг машаққатидан қочмайдиган бўлиши зарур. Еттинчидан, таом ейишда, ичимликда, аёлларга нисбатан очофот эмас, аксинча ўзини тия оладиган бўлиши (қимор ёки бошқа) ўйинлардан завқ, ҳузур олишдан узоқ бўлиши зарур. Саккизинчидан, у ҳақ ва ҳақиқатни, одил ва ҳақгўй одамларни севадиган, ёлғонни ва ёлғончиларни ёмон кўрадиган бўлиши зарур. Тўққизинчидан, у ўз қадрини билувчи ва номусли, ориятли одам бўлиши, пасткашликлардан юқори турувчи, туғма олийҳиммат бўлиши, улуғ олий ишларга интилиши зарур. ўнинчидан, бу дунё бойликларига, динор ва дирҳамларга қизиқмайдиган (мол-дунё кетидан қувмайдиган) бўлиши зарур. ўн биринчидан, табиатан адолатпарвар бўлиб, одил одамларни севадиган, истибдод ва жабр - зулмни, мустабид ва золимларни ёмон кўрувчи, барчани адолатга чақирувчи, ноҳақ жабрланганларга мадад берувчи, барчага яхшиликни ва ўзи суйган гўзалликларни раво кўрувчи бўлиши зарур. ўзи ҳақ иш олдида ўжарлик қилмай, одил иш тутгани ҳолда ҳар қандай ҳақсизлик ва разолатларга муросасиз бўлиши зарур. ўн иккинчидан, ўзи зарур деб ҳисоблаган чора - тадбирларни амалга оширишда қўрқоқлик ва ҳадиксирашларга йўл қўймаслиги даркор.

  Абу Наср Форобий мана шу барча хислатларнинг  бир одамда жамланиши амри маҳол, зеро бундай туғма фазилатлар соҳиби бўлган одамлар жуда кам учрайди ва улар нодир инсонлардир, - деб ҳисоблаган ва мабодо фозиллар шаҳрида шундай баркамол инсон топилмай қолса, унда юқоридаги фазилатлардан олтитаси, ёки бештаси камол топган инсон ҳам ақл ва заковатда беназирлиги туфайли фозиллар шаҳрига раҳбарлик қила олади, деб таъкидлайди. Фозиллар шаҳрида бундай одам йўқ бўлганида (мабодо вафот этганида, ёхуд бошқа жойга кетган вақтида - М. М.) ана шу имом (ҳоким) ёхуд унинг издошлари (агар мазкур имомдан сўнг бирин - кетин шаҳарга бошлиқ бўлсалар) чиқарган қонун ва тартибларга амал қилинади.

  Аввалги имом ўрнига келган кейинги раҳбарда ҳам юқорида айтилган хислатлар - фазилатлар ёшликдан шаклланган бўлиши зарур. Шу билан бирга бу кейинги имомда яна олтита фазилат ҳосил қилиниши зарур:

  Биринчи - донишмандлик. Иккинчи - аввалги имомлар ўрнатган қонунлар ва тартибларни хотирада яхши сақлаб қолиш ва уларга амал қилиши учун қувваи ҳофизга эга бўлиш. Учинчи - агар аввалги имомлар давридан бирор (ёки бир қанча) соҳага тааллуқли қонун қолмаган бўлса, бундай қонунни ўйлаб топиш учун ижод, ихтиро қилиш қувватига эга бўлиш. Тўртинчи - ҳозирги ҳақиқий аҳволни тез пайқаб олиш ва келгусида юз берадиган, аввалги имомлар кўзда тутмаган воқеаларни олдиндан кўра билиш хислатига эга бўлиш. Бу хислат унга халқ фаровонлигини яхшилаш йўлида керак бўлади. Бешинчи - аввалги имомлар ўрнатган қонунларга, шунингдек, аввалгиларидан ибрат олиб, ўзи чиқарган қонунларга халқ амал қилиши учун қизғин сўзлаш - нотиқлик хислатига эга бўлиш. Олтинчи - зарур ҳолларда ҳарбий ишларга моҳирона раҳбарлик қилиш учун етарли жисмоний қувватга эга бўлиш, яъни ҳам жанг қилишни, ҳам саркарда сифатида жангу - жадалга раҳбарлик қилиш учун ҳарбий санъатни яхши билиши керак.

  Форобий, мабодо шу хислатларнинг барчасини  ўзида жамлаган бир одам топилмаса, лекин икки киши биргалашиб, шу хислатларга эга бўлишса (яъни бири - донишманд, иккинчиси - қолган хислатлар соҳиби бўлса) шу икковини фозиллар шаҳрига раҳбарликка қўйиш зарур, агар бир гуруҳ одамлар биргаликда ана шу хислатларга эга бўлишса (яъни - бирида бу, иккинчисида у, учинчисида яна бошқа хислатлар бўлса) ана шу фозиллар гуруҳини юрт раҳбарлигига қўйиш зарур, деб ҳисоблаган. Унингча, шу гуруҳ аъзолари биргалашиб, ўзаро келишиб ҳаракат қилса, ҳар бири фозил ҳоким бўлиши мумкин. Мабодо бирор замонда фозиллар шаҳрида ҳокимлик қилаётган бир ёки бир неча кишида бошқа зарур хислатлар бўлсаю, аммо, донишмандлик бўлмаса, фозиллар шаҳри яхши ҳокимсиз қолади, бундай шаҳар ҳалокатга юз тутади.

  Абу Али Ҳасан ибн Али Тусий - Низомулмулк (1018-1092 йй) Шарқ тарихи ва маданиятига ўзининг «Сиёсатнома» (ёки Сияр ул - мулук) асари билан ўчмас из қолдирган. «Сиёсатнома» асари мавзу жиҳатидан кенг қамровлиги билан ажралиб туради. У 50 фаслдан иборат бўлиб, унда давлат бошқарувига тегишли қоида ва қонунлар, усул ва воситалар, қози ва қозихона ишлари, қўшин ва сарбозлар, хизматчи ва шахсий сарбозлар, почта ва разведка ишлари, элчиларга муносабат, шоҳ ишлари, шахсий соқчилари тўғрисида маълумот ва маслаҳатлар берилган. Давлатни идора этишда амалдорлар (маъсул кадрлар) катта ўрин тутишларини, уларни танлаш ва жой-жойига қўйишда ўзига хос талаб даражасида қараган. «Сиёсатнома» амалдорларни тарбиялаш, асраш, ҳимоялаш ва зарур бўлса жазолаш билан боғлиқ тавсиялар берилганлиги билан сиёсатчи ва давлат раҳбарларининг эътиборини жалб этади.

  Давлатда  марказий ҳукумат (ижро ҳокимияти) кучли бўлса, шунда давлатда тинчлик ва адолат барқарор бўлади, раият ўз мақсадига ета олади, жамият сулҳ ва адолатда, мурувватда яшайди, деб кўрсатади. «Сиёсатнома», жиддий сиёсий ҳужжат бўлиб, марказий ҳукуматнинг парчаланишига қарши қаратилган асардир. «Сиёсатнома» марказлашган давлат тузишга даъват этиб, кучли давлат маҳкамаси, армия ва бошқа текшириш воситаларини яратишга чақиради. «Сиёсатнома» асарининг ўзбек тилига илк бор таржимаси 1997 йилда амалга оширилди. (Низомулмулк. Сиёсатнома ёки Сияр ул-мулук. Тошкент, «Адолат», 1997). У маданий, сиёсий тарихимизни билишга, сиёсий фикр ва қарашлар ривожига хос анъаналарни ўрганишимизда ва тиклашимизда ижобий омил бўлиши, шубҳасиз. Низомулмулк шахсига, ўз даврида Амир Темур, Алишер Навоий, «Дастур ул - мулук» асарининг муаллифи Самандар Термизий ва бошқалар катта баҳо берганлар.

  Амир  Темур (1336-1405 йиллар) ўзининг сиёсий қарашларини «Темур тузуклари» асарида эллик йилдан ортиқ давр (1342-1405 йй.) тарихи билан бирга, давлат ва унинг тузилиши тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар беради. Асарда давлат ва унинг амал қилиш тамойиллари, меъёрлари, муносабатлари уни барпо этиш, мустаҳкамлашни кенгаш орқали амалга оширишда ўз ифодасини топганлигини таъкидлаш лозим. Амир Темур зукко, тажрибали сиёсатдон ва давлат арбоби сифатида, давлатнинг марказий аппарати ва маҳаллий ҳокимиятнинг қандай, қайси ижтимоий тоифаларга таянишини, уларнинг манфаатларини уйғунлаштириш, мансабдор шахсларнинг бурч ва вазифаларини белгилаб берар экан, жамиятни маълум ижтимоий - сиёсий гуруҳларга таянган ҳолда бошқариш лозимлигини таъкидлаш билан, уларнинг манфаатларини бошқа гуруҳлар манфаати билан бирга ҳисобга олиш зарурлиги тўғрисида ҳам муҳим фикр билдиради. У жамиятни 12 тоифага бўлиб, уларга таянган ҳолда бошқариш ишларини амалга оширган. Улар: 1) саййидлар, уламо ва шайхлар; 2) билимдон кишилар; 3) дуогўй тақводорлар; 4) амирлар, сарҳанглар, сипоҳсоларлар; 5) сипоҳ билан раият; 6) доно ва ишончли кишилар; 7) вазирлар, саркотиб ва девон битикчилари; 8) ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва мухандислар; 9) муҳаддислар (ҳадис олимлари ва ровийлар); 10) сўфийлар ва орифлар; 11) ҳунар ва санъат аҳли; 12) сайёҳ ва тижорат аҳлларидан иборат.

  Давлатни  идора этишда вазирлар, амирлар ва ноибларнинг ролига алоҳида эътибор бериб, соҳибқирон Амир Темур садоқатли, ахлоқий пок, адолатпеша, тинчликсевар ва ташаббускорларни қадрлаган.

  Амир  Темур вазирлар тўрт фазилатга эга  бўлишлари шартлигини таъкидлайди: 1) асллик, тоза насллик ва улуғворлик; 2) ақлу фаросатлилик; 3) сипоҳ билан раият аҳволидан бохабарлик ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш: улар билан яхши муомалада бўлиш; 4) сабру бардош, мулойимлик. У жойлардаги улусларга мустақил сиёсат юргизишга ҳам имконият берган. Ерларни ўзлаштирганлар ҳукумат томонидан рағбатлантирилган. Темур давлат бошқарувида жамият аъзоларини, мавжуд тоифаларга бўлган муносабатда уларни «ишонч билан қўрқув» ўртасида сақладим, десада амалда, унда ишонч, кечиримлик, сабр - қаноат тамойиллари устувор бўлиб, мамлакат, давлатнинг куч - қудратини адолат асосида қурганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. У адолат орқали кучли марказлашган давлат тузишга муваффақ бўлган. Давлат ишларини юритишда ислом билан бирга дунёвий илмга, тамойилларга алоҳида эътибор берган ва уларга амал қилган.

  Алишер  Навоий (1441-1501-йиллар) сиёсий ғояларини «Садди Искандарий» достонида асослаб берган ва унда ижтимоий адолатли тузум ғоясини адолатли шоҳ тимсолида баён қилган. А. Навоий бу муаммони адолатли шоҳ - адолатли давлат - адолатли қонунлар - адолатли тартиб сифатида поэтик тасвирлаган. Шунингдек, даҳо шоир турли халқлар, ижтимоий гуруҳлар ва табақалар ўртасидаги оқилона, маърифатга асосланган муносабатлар ижтимоий барқарорликка олиб келишини гўзал тимсоллар орқали куйлаган.

  Навоий  ҳаётининг мезони инсон, унинг фаолияти, сифати ва фазилатлари деб билиб, инсон ўз ҳаётини ўзи учун ҳам, бутун жамият учун ҳам фойдали бўлган ишга бағишланган, касб - ҳунар ўрганиши, маърифатли бўлиши кераклигини таъкидлайди.

  Навоий  сиёсий қарашларида кўпроқ адолатли қонунларга асосланган маърифатли шоҳ ҳокимиятини орзу қилиб, уни озми - кўпми Ҳусайин Бойқаро давридаги вазирлик фаолиятида амалга оширишга уринган. Алишер Навоийнинг бу каби илғор сиёсий қарашлари кейинчалик Бобурнинг давлат фаолиятида ва унинг бутун дунёга машҳур «Бобурнома» асарида янада бойитилган ва Бобурийларнинг амалий сиёсатида маълум маънода ўз ифодасини топган эди.

  Шарқда, хусусан Марказий Осиёда сиёсий фикрлар  ва таълимотлар тўғрисидаги анъаналарга  дунёнинг айрим бошқа давлатларига хос бўлган: а) фалсафий - ахлоқий қарашлар; б) диний қарашлар; в) фуқаролик; г) ижтимоий концепциялар тўғрисидаги ғояларнинг муайян даражада ўзига хос кўринишда мавжуд бўлмаганлигини кўрамиз. Характерли жойи шундаки, бундай ёндошувлар сиёсий фанлар нуқтаи назаридан таҳлил этилмаган бўлсада, аммо «сиёсат» алоҳида илм йўналиши сифатида қайд этилади. Бу меросимиз ҳозирги даврда демократик жамият тўғрисидаги илмий назарияни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этишда катта аҳамиятга моликдир.

  3. Янги даврдаги сиёсий қарашлар. Бу давр сиёсий қарашларида давлатнинг пайдо бўлиши ва қарор топиши муаммоси сиёсий фикр ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади ва унинг устувор йўналишига эга бўла бошлайди. Давлат, жамият ва шахс тўғрисидаги қарашлар тизимида индивид - фуқарога алоҳида эътибор берилади. Шунинг учун бу даврдаги сиёсий қарашлар «фуқаролик тўғрисидаги қарашлар» деб ҳам аталади. Сиёсий соҳада уйғониш даврининг ўзига хос жиҳатидан бири ҳам шундаки, инсон унинг марказига қўйилади. Масалан, Н. Макиавелли (1469-1527-йиллар) сиёсатнинг назариётчилари унинг «илмий усул»ларини ушлаб чиқишга маъсул эканлигини қайд этади. Бу даврда сиёсатда ахлоқий қадриятларнинг мақсадга мувофиқлиги ғояси асосида «макиавеллизм» тушунчаси пайдо бўлади ва сиёсий қарашларда «Сиёсий Республиканизм назарияси» илгари сурилади. Бундай қарашлар XVII - XVIII асрда Англия ва Америкада сиёсий фикр ривожига сезиларли таъсир этади. Макиавелли ўзининг «илмий усулини»сиёсатга нисбатан прагматизм ва утилитар ёндашувга таянган ҳолда асослайди. Сиёсий фанлар воқеаларнинг ҳақиқий моҳиятига кириб борган ҳолда уни тушунтириб бериши кераклигини қайт этади. Шу усулда ҳокимият ва бошқариш нуқтаи назаридан сиёсат ва давлатнинг айнан баҳосини беришга ҳаракат қилади. Макиавелли сиёсий қарашларида «мақсад воситани оқлайди», деган тамойилга асосланади. У ҳар қандай мақсаднинг қонуний бўлишини таъкидласа, мамлакатларнинг сиёсий ҳаёти, давлатчилик тарихи тажрибаси буни ҳамма вақт ҳам тўғри ёки мутлоқ фикр эмаслигидан далолат беради. Макиавеллининг фикрича ягона мақсад борки, бу мақсад ноахлоқий воситани, яъни давлатни яратилиши ва уни сақлаб қолишни оқлайди, деб кўрсатади. Натижада, унинг таъсирида айрим сиёсий кучлар ўз фаолиятларида унга таяндилар. (М: Франциядаги 1789 йил революцион етакчилари ва Россияда большевиклар в. б.)

  Бу  даврда Макиавелли томонидан илгари сурилган ғоя айрим сиёсий кучлар томонидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланилганлигини ва бу жамиятлар, халқлар сиёсий ҳаётида катта салбий оқибатларга сабаб бўлганлигини кўриш мумкин. Шу ўринда сиёсий фаолиятда «адолатни кучда» деб билиш билан «куч адолатдадир» деган қараш ва тамойилларда катта фарқ борлигини таъкидлаш зарур. Бунда муаммога ғарбона ва шарқона ёндашувлардан бири ўзига хос ифодасини топганлигини кўрамиз.

  Макиавелли  жамиятни идора этиш тўғрисида аниқ бир шаклни илгари сурмайди. У «якка  ҳокимиятни» ҳам, «республика» бошқарув шаклини ҳам маъқуллайди.

  У ўзининг «Государ» номли асарида  Республикани тўғри ёки қулай  шакли деб, айни пайтда Рим Республикаси модели тўғрисида фикр юритиб, «аралаш» шаклини ёки ҳокимиятнинг демократик, аристократик ва монархия элементларининг мавжудлиги, унинг мукаммаллигини таъминлаб берган, деб ҳисоблайди.

  Бундай  сиёсий қарашлар кейинчалик Томас Гоббс (1598-1679 йиллар) қарашларида ривожлантирилади. Гоббс, монархияни - ҳокимиятнинг энг  қулай шакли, деб ҳисоблайди. Буни ўзининг «Левиафан» асарида инсонларнинг давлат пайдо бўлгунигача бўлган давридаги ҳаётини тасвирлаб, унда «хаос» ва «ихтилоф»лар ҳукмрон бўлганлигини таъкидлайди, ёки бу ҳукмронликни «ҳамманинг ҳаммага қарши уруш» ҳолати сифатида қайд этади. «Ижтимоий келишув»га «хаос»дан чиқишдаги муҳим йўл сифатида қаралади. Монархнинг асосий вазифаси қонунни сақлай билишда, деб тушунади.

  Англия  файласуфи Ж. Локк (1632-1704 - йиллар) қарашларида ҳам сиёсатда фуқаролик концепцияси илгари сурилади. Локк таълимоти, нисбатан реал ҳаётга асосланганлиги билан ажралиб туради ва чекланган монархни ўрнатишни ёқлайди.

  У сиёсий фикр тарихида биринчилардан  бўлиб, «шахс», «жамият» ва «давлат» тушунчаларининг таҳлилини беради, ҳамда шахсни жамият ва давлатдан юқори қўяди. Локк, инсон туғилгандан бошлаб табиий ҳуқуқларга эга бўлади, деб кўрсатиб, «ҳаёт» ёки «яшаш», «эркинлик» ва «мулкка эга бўлиш» ҳуқуқларини ана шундай ҳуқуқлар жумласига киритади. У хусусий мулкка эга бўлиш ҳуқуқини қуйидагича асослайди, биринчидан, хусусий мулкка эга бўлиш инсоннинг ўзини ва унинг оиласининг яшаши учун зарур бўлган эҳтиёжни таъминлаш учун керак, инсон зарур нарсаларга эга бўлган тақдирдагина, ўзининг ривожланишига алоҳида эътибор бериши мумкин. Локк, фикрича хусусий мулк мутлоқ қадрият эмас, аксинча, эркин жамиятга эришиш воситасидир. Инсонлар мулк жамғаришда эркин бўлишлари керак. Иккинчидан, мулкка эга бўлиш инсоннинг индивидуаллиги шаклланишига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Локк, давлат жамият, жамият ўз навбатида, шахсга бўйсуниши зарурлигини таъкидлайди. Давлат ва жамият бир нарса эмас, давлат ҳокимиятнинг қулаши, жамият ривожининг охиридан далолат бермайди. Жамият янги давлат ҳокимиятини ўрнатиши мумкин. Давлат шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фаолият кўрсатади. У шахсдан кучлироқ бўлиши мумкин эмас, чунки шахс жамиятни, жамият эса давлатни ташкил этади. Локк қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти бўлишини ёқлайди. қонун чиқарувчи ҳокимиятга устуворлик беради, чунки у давлатнинг сиёсатини белгилайди, деб кўрсатади.

  Франция маърифатпарвари Шарл Луи Монтескье (1689-1755 йиллар) ўзининг «қонунлар руҳи» асарида «идора этиш тарзига» ёки «қонунлар руҳи»га таъсир этувчи омилларни кўрсатиб беради. «Кўпгина нарсалар, - деб ёзади Монтескье, - иқлим, дин, қонунлар, идора этиш шакллари, ўтмиш сабоқлари, ахлоқ, одатлар халқнинг умумий руҳининг натижаси сифатида инсонларни бошқаради».

Янги давпр сиёсий қарашлар ва таълимотлар