Коррупцияга қарши кураш: муаммо ва ечимлар
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИНИНГ
ОЛИЙ
ЎҚУВ КУРСЛАРИ
Раҳбар
кадрларни қайта
тайёрлаш курслари
“Жиноят
ҳуқуқи ва криминология”
кафедраси
Қўлёзма
ҳуқуқида
ЭШҚУВВАТОВ
СИРОЖИДДИН ҚОРШИБАЕВИЧ
КОРРУПЦИЯГА
ҚАРШИ КУРАШ: МУАММО
ВА ЕЧИМЛАР
БИТИРУВ
МАЛАКАВИЙ ИШИ
Тошкент-2009
I.
КИРИШ.........................
II.
АСОСИЙ ҚИСМ...................
1.
КОРРУПЦИЯ ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ
ҲОДИСА СИФАТИДА......................
1.1.
Коррупция тушунчаси, унинг
1.2.
Коррупцияга қарши кураш тарихи........................
2.
КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТЛАРИНИНГ
ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ ТАВСИФИ........
2.1.
Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигига
кўра коррупция жиноятларининг тавсифи.......................
2.2.
Коррупция жиноятларини
3. ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТЛАРИНИНГ САБАБЛАРИ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ.................
3.1.
Коррупцияни вужудга
3.2.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов
асарларида коррупцияга қарши кураш масалалари....................
3.3. Коррупцияга қарши кураш борасида халқаро амалиёт....................
3.4.
Коррупция жиноятларининг олдини олиш..........................
III.
ХУЛОСА........................
ФОЙДАЛАНИЛГАН
АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ.......................
Кириш
Мавзунинг долзарблиги. Бутун дунёда, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда коррупция муаммоси кескин тус олди. Республикамиз Президенти Ислом Каримов 2005 йил 7 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда шундай деди: “Шуни таъкидлаш лозимки, давлат хизматчилари орасида коррупцияга, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ҳолатларига қарши доимий кураш олиб бориляпти. Қонунни бузган, жиноятга қўл урган нопок ходимларни ҳуқуқ-тартибот идоралари вақтида ушлаб, жазосини беряпти. Лекин бу масалада олиб борилаётган ишлар мутлақо етарли эмаслигини таъкидлаш жоиз”1.
Дарҳақиқат, коррупция – илдизлари давлат хизматини ташкил этишдаги нуқсонларга ва давлат хизматчиларининг ўзига хос психологиясига бориб тақаладиган ижтимоий ҳодиса. Бу коррупцияга қарши аввало маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши зарурлигидан далолат беради.
“Тарихий тажриба ва ҳозирги амалиёт, шу жумладан баъзи янги мустақил давлатлардаги воқелик коррупция ва жиноятчилик хавфсизликка соладиган таҳдидни яққол тасаввур этиш имконини бермоқда”2, деб таъкидлайди Президент Ислом Каримов.
Коррупция муаммосини ечмасдан давлат бошқаруви вазифаларини самарали ечиш мумкин эмас. Қадимги юнон мутафаккирлари Платон ва Аристотель коррупцияни сиёсий категориялар қаторига киритган, Н.Макиавелли эса уни давлатнинг фуқаролар маънавиятига путур етказувчи умумий касаллиги аломати деб ҳисоблаган. Ш.Монтескье коррупцияни яхши сиёсий тартиб ёки тизимни издан чиқарувчи “дисфункционал жараён” сифатида тавсифлаган.
Ҳозирги вақтда жамиятимизнинг кўп сонли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий муаммолари орасида коррупцияга қарши кураш муаммоси айниқса муҳим ўрин эгаллайди. Бу ҳол бир неча омиллар билан белгиланади.
Биринчидан, аҳолининг турли қатламлари ўртасида тенгсизлик кучайиб бораётган шароитда давлат амалдорлари томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳокимият обрўсига путур етказади, амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларини обрўсизлантиради.
Иккинчидан, иқтисодий мазмуни ресурсларни тақсимлаш жараёнининг деформацияланишидан иборат бўлган коррупция иқтисодиётнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишига салбий таъсир кўрсатади.
Учинчидан, коррупция, бошқа кўпгина салбий ижтимоий ҳодисалар сингари, ўзининг кенг илдиз отишига замин яратади – у бўлғуси ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тартибга салбий таъсир кўрсатади, бунда коррупция қанча чуқур илдиз отган бўлса, унга қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этиш, ҳатто коррупциянинг баъзи бир сабаблари тугатилган бўлса ҳам, шунча қийинлашади.
Тўртинчидан, мамлакатдаги коррупция даражаси сиёсий омилгина бўлиб қолмасдан, балки қарзлар бериш, чет эл инвестицияларини амалга ошириш шартлари ва ҳоказоларга таъсир кўрсатувчи муҳим иқтисодий омил ҳисобланади.
Коррупция, унинг кўлами, хусусияти ва динамикаси – мамлакат умумий сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларининг маҳсули. Мамлакатда модернизация жараёнлари юз бераётган даврда коррупция мунтазам равишда кучайиб бориши мумкин. Ўзбекистонда ҳозир нафақат модернизация, балки ижтимоий, давлат ва иқтисодий негизларнинг тубдан ўзгариш жараёнлари юз бераётир. Шу боис мамлакатимизда ривожланишнинг умумий, шу жумладан салбий қонуниятлари кузатилаётгани табиий бир ҳолдир.
Коррупцияга қарши курашда самарали чора-тадбирлар кўрмаслик шунга олиб келиши мумкинки, у криминал, иқтисодий ва ижтимоий муаммодан сиёсий муаммога айланиши ва мамлакатнинг конституциявий асосларига путур етказувчи миллий офат тусини олиши мумкин. Айни шу сабабли мамлакатимиз президенти Ислом Каримов иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясидаги маърузасида: “Биз давлат тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги нохуш ҳолатлар - аҳоли кўз ўнгида ҳокимиятни обрўсизлантираётган порахўрлик, таъмагирлик ва коррупция кўринишлари билан бундан буён асло муроса қила олмаймиз. Биз бундай иснод келтирувчи ҳодисаларга қарши бутун жамият билан биргаликда кескин курашмоғимиз даркор”1, деб таъкидлади.
Коррупцияга қарши курашнинг оғирлиги ҳамда ўта мураккаблиги шу билан белгиланадики, бу жиноят нафақат хуфёна, балки субъектлар ўртасида келишувга биноан содир этилади. Аксарият ҳолларда у тегишли ҳокимият органларига шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки ғайриқонуний келишувдан иккала томон ҳам наф кўради. Ҳатто пора сўраш ҳоллари устидан ҳам камдан-кам ҳолда шикоят қилинади, чунки одамлар коррупцияга қарши кураш жараёнига ишончсизлик билан қарайдилар. Бунинг учун миллий ва хорижий тажриба билан боғлиқ бўлган муайян объектив ва субъектив асослар мавжуд.
Юқоридагиларнинг барчаси мазкур мавзуни тадқиқ этишнинг долзарблигини белгилаб беради.
Муаммонинг ўрганганлик даражаси. Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш муаммолари Қ.Р.Абдурасулова, Ш.Ё.Абдуқодиров, Б.А.Блиндер, З.Х.Гулямов С.Г.Закутский, З.С.Зарипов, Р.А.Зуфаров, Ю.М.Каракетов, Р.Қобулов, М.М.Қодиров, И.Исмоилов Қ.М.Мирзажонов, М.Ҳ.Мусаев, Э.Ҳ.Норбўтаев, Ю.С.Пўлатов, А.О.Расулов, М.Х.Рустамбоев, Б.Ж.Аҳроров, А.Х.Сатторов, М.Собиров, А.С.Якубов каби олимларнинг асарларида тадқиқ этилган. Бундан ташқари, ишни ёзиш жараёнида Б.В.Волженкин, О.Н.Ведерникова, А.В.Галахов, И.М.Гальперин, Ю.В.Голик, Б.В.Здравомислов, А.А.Жижиленко, В.Ф.Кириченко, Н.И.Коржанская, В.Н.Кудрявцев, И.С.Лейкина, Н.А.Лопашенко, Ю.И.Ляпунов, С.В.Максимов, В.Е.Мельников, А.Б.Сахаров, О.В.Филимонов каби олимларнинг асарлари ўрганилди ва уларга тегишли баҳо берилди.
Тадқиқотнинг мақсади. Коррупция тушунчасининг мазмуни, коррупцияга қарши кураш тарихи, коррупция жиноятларининг жиноят-ҳуқуқий тавсифи, Ўзбекистонда коррупция жиноятларининг сабаблари ва унинг олдини олиш масалалари ҳамда коррупцияга қарши кураш борасидаги халқаро амалиёт каби муҳим масалаларни ўрганиш натижасида коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини ошириш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш бўйича таклифлар беришдан иборат.
Тадқиқотнинг мақсадидан келиб чиқиб қуйидаги вазифалар қўйилди:
- коррупция тушунчаси, унинг турлари ва намоён бўлиш шакллари билан боғлиқ бўлган масалаларни тадқиқ этиш;
- коррупцияга қарши кураш тарихини ўрганиш;
- Ўзбекистон қонунчилиги бўйича коррупция жиноятларига умумий жиноят-ҳуқуқий тавсиф берилиш;
- коррупция жиноятларини квалификация қилишдаги муаммолар аниқлаш ва бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий жиҳатлари мазмунини очиб бериш, ушбу жиноятлар бўйича суд-тергов амалиётини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар бериш;
- коррупцияни вужудга келтирувчи сабаб ва шарт-шароитларни тадқиқ этиш ҳамда унинг ечимларини юзасидан таклифлар бериш;
- коррупцияга қарши курашдаги муаммолар, бу борадаги халқаро амалиётни таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш бўйича таклифлар бериш.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги шундан иборатки, Ўзбекистон Республикасида коррупцияни ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса сифатида ўрганилиб, коррупция жиноятлари жиноят-ҳуқуқий муаммоларининг ўзига хос ечими сифатида янги тушунчалар, илмий-назарий хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадқиқотнинг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқотнинг илмий аҳамияти шундан иборатки, у жиноят ҳуқуқи ва криминология назариясининг ривожланишига, шунингдек, мазкур жиноятларни квалификация қилиш билан боғлиқ суд-тергов амалиётини ривожлантиришга муайян ҳисса қўшади.
Тадқиқотнинг амалий аҳамияти бугунги кун шароитларидан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим йўналишларини аниқлашга кўмаклашишда намоён бўлади. Тадқиқот натижаларидан илмий фаолият ва илмий тадқиқот ишларида, жиноят ҳуқуқи ва криминология фанларини ўқитиш жараёнида, ушбу жиноятларни квалификация қилиш билан боғлиқ тергов ва суд фаолиятида фойдаланиш мумкин.
Коррупцияга қарши кураш муаммоларининг таҳлили қуйидаги хулосаларга келиш имконини берди:
- коррупцияга қарши кураш мавзусига бағишланган асарлар сони кўп бўлса-да, республикамизнинг жиноят ҳуқуқи ва криминология фанларида коррупция муаммоларига доир комплекс тадқиқотлар бармоқ билан санарли;
- ўтказилган тадқиқотларда таърифланган қоидаларнинг аксарияти баҳсли бўлиб, янада чуқурроқ ишлаб чиқишни ва назарий жиҳатдан асослашни талаб этади.
Диссертациянинг
тузилиши ва ҳажми. Илмий тадқиқот
иши кириш, саккиз параграфни ўз ичига
олган учта боб, хулоса ва фойдаланилган
адабиётлар руйхатидан иборат.
II.
Асосий Қисм
1.
Коррупция ижтимоий-ҲУҚУҚИЙ
ҳодиса сифатида
1.1.
Коррупция тушунчаси,
унинг кўриниши ва
шакллари
Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий маффатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо, умуман олганда, давлат амалдорларигина эмас, балки, масалан, фирмаларнинг менежерлари ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши; пора пул билан эмас, балки бошқа шаклда берилиши мумкин; коррупцияга доир муносабатларнинг ташаббусчилари баъзан давлат амалдорлари эмас, балки тадбиркорлар ҳисобланади.
Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича, “коррупция – мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият”2.
“Юридик атамалар қомусий луғати”да коррупция тушунчасига “давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган (ёки уларга тенглаштирилган) шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши”3, деб таъриф берилган.
Яна бошқа адабиётларда эътироф этилишича, коррупция атамаси “сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият бўлиб, мансабдор шахслар ўзларига берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойиш мақсадида фойдаланишидан иборат”4, деб тавсифланган.
1979 йил 17 декабрда қабул қилинган Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг хулқ-атвор кодексида: “Коррупция тушунчаси миллий ҳуқуқда белгиланиши лозим”, деб қайд этилган, лекин мазкур ҳодисанинг намунавий таърифи келтирилган: “...мансабдор шахс ўз мансаб ваколатлари соҳасида ҳар қандай шаклдаги ҳақ эвазига мазкур ҳақни берувчининг манфаатларида, лавозим йўриқномаси қоидаларини бузган ҳолда ёки бузмасдан муайян ҳаракатларни бажариши ёки ҳаракатсизлиги”5.
БМТнинг халқаро миқёсда коррупцияга қарши кураш бўйича Маълумотида шундай дейилган: “Коррупция – бу шахсий мақсадларда наф кўриш учун давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”6.
Коррупция тушунчасига берилган шунга ўхшаш таърифга Жаҳон банкининг ҳозирги дунёда давлатнинг ролига бағишланган ҳисоботида ҳам дуч келиш мумкин: коррупция – бу “шахсий наф кўриш йўлида давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш”7.
Коррупциянинг бундай талқини ҳозирги замон криминологиясида ҳам мавжуд. Масалан, А.И.Долгова коррупция тушунчасига “давлат амалдорлари ёки ўзга хизматчилар пора эвазига оғдирилиши ва шу асосда улар ўз хизмат ваколатларидан шахсий ёки тор группавий манфаатларда фойдаланиши билан тавсифланувчи ижтимоий ҳодиса”8, деб таъриф берган.
Р.Зуфаровнинг қайд этишича, “Коорупция” сўзи лотинча “cor ruptum” сўзидан келиб чиққан бўлиб “синган, бузилган” деган маънони англатади ва шахсий ҳаёт ҳамда корпоратив фойда йўлида жамоат манфаатларига путур етказишни англатади9.
Н.Ф.Кузнецова коррупция деганда давлат аппарати ва нодавлат тузилмаларининг ходимларини пора эвазига оғдиришдан иборат бўлган ижтимоий хавфли ҳодисани тушунади10. Аммо ижтимоий ҳодиса сифатидаги коррупция тушунчасининг пора эвазига оғдириш, порахўрлик билангина боғлиқ бўлмаган кенгроқ талқини ҳам мавжуд ва у, бизнингча, тўғрироқ.
Б.Ж.Аҳроров “Коррупция сўзи адабиётларда турлича талқин қилинади. Унинг ягона тушунчаси йўқ, у бир неча жиноятларни ўзида мужассамлаштириши мумкин. Хатто халқаро ташкилотларнинг тавсияларидан ҳам унинг ягона тушунчасини яратиб бўлмайди”, деб фикр билдиради. Унинг таъкидлашича, “Сўнгги вақтда чоп этилган адабиётларда “коррупция ҳуқуқбузарлиги”, бошқарув тартибига қарши мансабдорлик жиноятларини эса “коррупция” деб аталмоқда11. Муаллифнинг фикрича, бошқарув тартибига қарши мансабдорлик жиноятлари ва коррупция тушунчаларининг моҳияти турлича ва улар орасида фарқлар ҳам мавжуд. Коррупция мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндисидир. Коррупция деганда мансабдор шахслар томонидан ҳокимият ёки мансаб ваколатларидан қонунга зид равишда фойдаланиб, оммавий тарзда моддий ёки номоддий манфаатдорликка эришиш тушунилади” 12.
Л.В.Михайлов “Коррупция тушунчаси АҚШ олимлари томонидан айниқса чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этилган. Коррупция муаммоларининг америкалик тадқиқотчилари бу ҳодисани сиёсий арбоблар, давлат аппарати ходимлари, бизнесменлар ва бошқа шахслар бойиш ва ўз ижтимоий мақомини юксалтириш мақсадларида, шахсий, оилавий ёки группавий манфаатларни кўзлаб, ўз расмий вазифалари ва давлат функцияларини бажаришдан бўйин товлаши сифатида тавсифлайдилар”13, деб ёзади.
Г.Блэкнинг юридик луғатида коррупция: 1) мансабдор шахснинг расмий вазифалари ва ўзга шахсларнинг ҳуқуқлари билан мувофиқ бўлмаган муайян имтиёз бериш ниятида содир этиладиган қилмиш; 2) мансабдор шахснинг ўз хизмат лавозими ёки мақомидан ўзга шахсларнинг вазифалари ва ҳуқуқларига зид бўлган мақсадларда ўзи ёки ўзга шахс учун бирон-бир устунликни қўлга киритиш учун қонунга хилоф равишда фойдаланишидан иборат бўлган қилмиш сифатида тавсифланади14.
Коррупция жиноятчилиги – синфий ва тарихан ўзгарувчан ҳодиса. Е.И.Каиржанов фикрига кўра, “жиноятчилик тушунчаси хусусий мулк пайдо бўлиши ва жамият антагонистик синфларга парчаланиши натижасида вужудга келганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Синфий жамият пайдо бўлишидан олдин жиноят тушунчаси ҳам, жиноятчилик ҳам мавжуд бўлмаган”15.
П.А.Кабанов коррупцияга давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахси ўз хизмат мавқеидан шахсий бойиш учун фойдаланишидан иборат бўлган ижтимоий ҳодиса сифатида ёндашади16.
Г.А.Сатаров коррупцияни “мансаб мавқеини тамагирлик ниятида суиистеъмол қилиш” сифатида тавсифлайди”17. Қ.Тожибоев эса, “Коррупция жиноятчилиги натижасида давлат бошқарувининг имкониятларидан фойдаланиш, уни ўз манфаатларига бўйсиндирилган ҳолда ташкил этилиши асосида вужудга келади18”, дейди.
“Коррупция... – давлат лавозимидан шахсий наф кўриш учун ғайриқонуний фойдаланиш. “Ғайриқонуний” атамаси давлат лавозимларини эгаллаган шахсларнинг хулқ-атворини тартибга солувчи қонунлар (қоидалар) мавжудлигини англатади”19.
Гувоҳи бўлганимиздек, коррупция тушунчасига юридик адабиётларда турлича таърифларни учратиш мумкин. Юқорида баён этилган таърифлар таҳлили қуйидаги хулосаларга келиш имконини беради: биринчидан, бу, энг аввало, аниқ юридик таърифи мавжуд бўлмаган ижтимоий ҳодиса; пировард натижада у коррупция ҳаракатлари жамият ҳаётининг кундалик меъёрига айланиши оқибатида бутун фуқаролик жамияти ва давлатнинг инқирозига олиб келади; иккинчидан, мазкур ҳуқуқбузарлик субъектларининг муайян доираси мавжуд (бу, аввало, давлат хизмати ходимлари, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган шахслар, шунингдек хусусий секторда бошқарув функцияларини бажаришга ваколатли бўлган шахслар); учинчидан, кўрсатилган субъектлар ўз мансаб мавқеидан, хизмат лавозимидан, ҳуқуқий мақомидан ва эгаллаган лавозимининг нуфузидан хизмат (яъни давлат хизмати ва хусусий сектор ташкилотларидаги хизмат) манфаатларига ҳамда ҳуқуқ ва ахлоқнинг белгиланган қоидаларига зид равишда фойдаланадилар; тўртинчидан, кўрсатилган субъектларнинг мазкур фаолияти шахсий бойиш мақсадида ёки ўзга шахсларнинг манфаатларида ёхуд корпоратив манфаатларда амалга оширилиши мумкин ва ҳ.к.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш шакллари жуда ранг-баранг бўлгани боис, турли мезонларга кўра коррупциянинг ҳар хил турлари фарқланади.
Бизнингча, коррупцияни бир нечта асосий турларга ажратиш мумкин:
1) субъектларнинг мақомига кўра: а) ҳокимият органларидаги коррупция; б) хусусий сектордаги коррупция; в) сиёсатдаги коррупция ёки сиёсий коррупция;
2) даражасига кўра: а) қуйи даражадаги коррупция; б) юқори даражадаги коррупция; в) вертикал коррупция;
3) ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: а) коррупция-қилмиш;
б) коррупция-жиноят20.
Коррупциянинг кўрсатилган турларини муфассалроқ кўриб чиқамиз.
Ҳокимият (ижроия, вакиллик ва суд) органларидаги коррупция ҳозирги вақтда жаҳоннинг деярли барча мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистондаги муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Бу турдаги коррупция жиноятларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уларни ўзлари қонунга риоя этишлари ва уни муҳофаза қилишлари лозим бўлган кишилар содир этадилар. Аксарият мамлакатларда бу жиноятлар кенг тарқалганлиги, давлат аппарати ходимлари коррупция домига илинганлиги мазкур мамлакатларнинг қонунчиларини порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ва бошқа хавфли мансабдорлик жиноятларига қарши қатъий чоралар кўришга ва, аксинча, амалдорларнинг унча хавфли бўлмаган ва кўпроқ даражада тарқалган жиноятларига жиддий эътибор бермасликка (масалан, унча қиммат турмайдиган совға олиш жиноят ҳисобланмайди) мажбур қилаётир21.
Нодавлат ташкилотларидаги ёки хусусий сектордаги коррупция ҳозирги вақтда анча кенг тарқалган. Ташкилот (тижорат ёки жамоат ташкилоти) раҳбари унинг уставда белгиланган вазифаларига қатъий риоя этиши лозим, лекин у, давлат амалдори каби, ўзига қарашли бўлмаган ресурсларни ўз шахсий манфаатларида ёки иккинчи томон фойдасига тасарруф этиши, ташкилот манфаатларига зид бўлган ҳаракатларни содир этиши мумкин. Бунга кундалик ҳаётдан мисоллар: тижорат банкларида мақсади пул олиш ва ғойиб бўлишдан иборат бўлган лойиҳаларга пора эвазига кредитлар берилиши; турли мулк шаклига мансуб бўлган корхоналарда давлат ва корхона зарарига моддий бойликлар (вино-ароқ ёки нефть-кимё маҳсулотлари ва ш.к.)ни пора эвазига арзон нархларда олиш ва ҳ.к.
Айрим тадқиқотчилар сиёсий коррупцияни коррупция жиноятларининг алоҳида тури сифатида ажратадилар. Масалан, россиялик олим профессор В.А.Шабалин сиёсат ва жиноятчилик муаммоларига доир манбаларни таҳлил қилар экан, бу ҳодисани “ҳукмрон сиёсий элита давлат ресурсларидан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида ғайриқонуний фойдаланишида акс этувчи девиант сиёсий хулқ-атвор” сифатида тавсифлайди22. Бу фикрга қозоғистонлик олим профессор Е.О.Алауханов ҳам қўшилади23.
Ўз навбатида А.И.Гуров сиёсий коррупция деганда давлат аппарати амалдорлари ахлоқ ва қонун нормаларини пора олиш ниятида эмас, балки сиёсий наф кўриш, уруғ-аймоқчилик ва шу кабилар туфайли бузишини тушунади24. Ўз навбатида муаллиф коррупциянинг учта асосий шаклини ажратишни таклиф қилади: 1) сиёсий. Мансабдор шахс юзага келган қариндош-уруғчилик муносабатлари туфайли қонунга зид ҳаркат қилади; 2) жиноят фаолияти билан боғлиқ бўлиб, мансабдор шахсларни сотиб олишга асосланган. Улар эса мукофот пули олиш эвазига ғаёриқонуний хизматлар кўрсатади; 3) тарафлардан бири ўзига энг қулай тартиб вужудга келтириш учун жиноятга мансабдор шахсларнинг тегишли тоифаларини изчиллик билан жалб этишни назарда тутади. Коррупциянинг бу шакли уюшган жиноятчилик билан мустаҳкам боғланган бўлиб, мансабдор шахсларга нисбатан сотиб олиш, провакация қилиш ва таҳдид солишни англатади25. Бу ўринда Р.Зуфаров “Коррупцияни оддий порахўрликдан ажратиб бўлмайди. Коррупциячи мансабдор шахс бир марта бериладиган мукофотларни олмасдан у бошпана бўлган жиноят тузилмаси хизматида туриб, шу туфайли у келтирилган даромаднинг ўзига тегишли улушини олади”26 дейди.
Г.Н.Горшенков фикрига кўра, сиёсий коррупция жиноий йўл билан жазога тортилмайдиган қилмишларда (сиёсатчилар сайлов тузилмаларига шахсий садоқат ва сиёсий мадад эвазига ҳомийлик қилиши) ва сиёсий тусга эгалиги билан тавсифланадиган жиноий жазога лойиқ қилмишларда (порахўрлик, пора эвазига оғдириш) намоён бўлади27. Мазкур таъриф жиноий жазога лойиқ бўлган қилмишлар мажмуинигина эмас, балки сиёсатдаги ижтимоий ҳуқуқбузарликларнинг бошқа турларини ҳам қамраб олади, яъни соф криминологик маъно эмас, балки кенг ижтимоий-сиёсий маъно касб этади28. Х.Мелиевнинг эътироф этганидек, “Коррупциянинг бошқа жиноятчилик турлари, айниқса, уюшган ва иқтисодий жиноятчилик билан алоқалари узвийлик касб этиб бориши бутун ижтимоий муносабатлар учун янада хатарлидир”29.
Бундан ташқари коррупцияни ўрганувчи мутахассисларнинг аксарияти сайлов чоғида сайловчиларнинг овозларини сотиб олишни ҳам сиёсий коррупцияга киритади. Бу ерда мансабдор шахсдан ташқари коррупцияга хос бўлган барча белгилар мавжуд.
Сиёсий коррупциянинг айниқса кўп учрайдиган шакллари пора олиш ва пора бериш ҳисобланади. Кейинги ўринда сайлов ҳуқуқини амалга ошириш чоғида сиёсат субъектларини пора эвазига оғдириш туради.
Фаолият кўрсатиш даражаларига кўра қуйи даражадаги, юқори даражадаги ва вертикал коррупция фарқланади.
Қуйи даражадаги коррупция ҳокимият ва бошқарув органларининг ўрта ва қуйи даражаларида айниқса кенг тарқалган бўлиб, амалдорлар ва фуқароларнинг мунтазам ўзаро алоқаси билан боғлиқ (рўйхатдан ўтказиш, жарималар, лицензиялаш, турли рухсатномалар олиш ва ш.к.).
Юқори даражадаги коррупция ҳокимият органларида ишлайдиган сиёсатчилар, олий мартабали амалдорларни қамраб олади ва жуда катта қимматга эга бўлган қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ (қонунларни илгари суриш ва қабул қилиш, давлат буюртмалари, мулк шаклларини ўзгартириш ва ш.к.). Аксарият ҳолларда коррупция битимидан манфаатдор бўлган иккала томон айни бир давлат ҳокимияти органида ишлайди. Масалан, қуйи турувчи давлат органининг амалдори ўзининг юқори турувчи бошлиғига у пора берувчининг коррупцион ҳаракатларига ҳомийлик қилиши ёки қўшимча маблағлар, ресурслар, ваколатлар бериши учун пора беради.
Коррупциянинг пора олиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби одатдаги шаклларидан ташқари, коррупция амалда намоён бўлишининг қуйидаги шаклларини фарқлаш мумкин:

- Коррупция. Сутність, призначення і роль бюджету держа
- Корыстно-насильственная преступность и её предупреждение
- Косвенное налогообложение в Российской Федерации и пути его дальнейшего развития
- Косвенное налогообложение в РФ и его влияние на состояние налоговой системы
- Косвенные налоги в РФ и перспективы из развития
- Косвенные налоги в РФ и перспективы их развития
- Косметические товары
- Коррекция эмоционального состояния дошкольников с ЗПР с помощью сказкотерапии
- Коррупция
- Коррупция
- Коррупция
- Коррупция
- Коррупция в Китае
- Коррупция в РФ