Коррупцияга қарши кураш: муаммо ва ечимлар

1-фасл. Мустақиллик шароитида  динга муносабатнинг  тубдан ўзгариши.

Posted Ша, 01/23/2010 - 21:42 by Admin

Суҳбатимиз бошида биз, Маънавият инсоннинг Ҳақ  билан муносабати, дедик. Кўпчилик беихтиёр: бу диннинг ўзи эмасми, деб хаёлидан ўтказиши мумкин. Шунинг учун бир йўла шу мавзуни ҳам ойдинлаштириб олиб, кейин бошқа масалаларга тўхталайлик.

Мустақиллик шарофати билан 1300 йил мобайнида ота-боболаримиз  эътиқод қилиб келган ислом динига муносабат ҳам тубдан ўзгара бошлади. Собиқ “Иттифоқ” даврида бутун  Ўзбекистонда бори-йўғи 80га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ минглаб янги масжидлар ишга тушди. Илгари биргина Бухорода кичик бир мадраса тор доирада диний билим бериб келган бўлса, бугунги кунда деярли барча вилоятларда мадрасалар ишлаб турипти. Тошкент олий маъҳадининг мавқеи кўтарилиб, энди унинг дипломи ҳам бакалавр даражасида тан олиниши масаласи ишлаб чиқилмоқда. Ўнлаб ўтмиш диний уламоларимизнинг табаррук номлари, мерослари тикланмоқда. Мақбаралари қадамжойга, зиёратгоҳга айланмоқда. Жумладан, Имом Бухорий мақбараси мажмуининг бунёд этилиши, Баҳовуддин Нақшбанд масжиди-мақбарасининг янгидан таъмирланиб, обод этилиши, имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний каби буюк сиймоларнинг хоки поклари қўйилган Самарқанддаги Чокардиза қабристонини тиклаш ва ўрганиш ишларининг жиддий йўлга қўйилиши – барчаси мустақил Ўзбекистон раҳбариятининг муқаддас динимизга, ушбу динни маърифат, маънавий қадрият даражасига кўтарилиб, жаҳонга танитган улуғ аждодларимизга бўлган юксак ва самимий эҳтиромнинг ёрқин намойишидир.

“Дин  одамзодни ҳеч  қачон ёмон йўлга  бошламайди”[1], дейди Президент. Динни ниқоб қилиб низолар чиқаришга уриниш остида эса доимо муайян худбин ният, ғаразгўйлик ёки жаҳолат ётади. Шу сабабли И.А.Каримов ҳақиқий имон-эътиқодни сиёсий найранглардан фарқ қилиш зарурлигини таъкидлаш баробарида ўзбекнинг имони хусусида доимо собит туради:

“Мен  ҳам шу халқнинг бир  фарзандиман, шу миллатнинг бир ўғлиман. Алҳамдулиллоҳ, бир мусулмон фарзанди сифатида халқимга хос исломий тушунча ва туйғулар менинг ҳам қалбимда, юрагимда барқарор ва мен бу дунёю у дунё ўз эътиқодимдан қайтмайман”[2].

“Бу эътиқод юртимиздаги миллионлаб ватандошларим қатори менинг ҳам дунёқарашимга асос бўлиб, бутун борлиғим, маънавий оламим мазмунини ташкил этади.”[3]

Эътиқод масаласи, албатта, маънавиятга алоқадор. Таъбир жойиз бўлса, эътиқод маънавиятнинг умуртқа поғонасидир. Демак, имон-эътиқодсиз маънавият ҳақида гапириш ўзи ортиқча.

Маънавият ҳар  бир инсоннинг Ҳаққа (Аллоҳ ҳақиқатига, Борлиқ ҳақиқатига) муносабати экан, бу аслида фоний инсоннинг Бақога (абадийликка) муносабатидир. Бундан фарқли ўлароқ инсоннинг инсонга муносабати фақат шу ёруғ дунё ташвишларига оид нарса. Ҳар ким ўзининг Ҳақ олдидаги масъулиятини тўғри англаб масалага ёндошса, ўзи фойда қилади, бировнинг Ҳақ олдидаги масъулияти ҳақида ўзбошимчалик билан ҳукм чиқариш, ёки, айниқса, ўзгани зўрлик билан, зуғум билан имонли қилишга уриниш маънавият нуқтаи назаридан мутлақо ботил ҳаракатдир, Чунки Инсоннинг имонга кириши фақат Аллоҳ иродасига боғлиқ, банданинг ваколати доирасидан ташқарида.

“Ислом” сўзининг ўзи тинчлик-тотувликни, ҳилм (юмшоқлик)ни, ўзгага яхшилик тилагини билдиради. “Ассалому алайкум” деб мурожаатни бошлаймиз, демак, қаршимиздаги одамга Аллоҳдан тинчлик ва саломатлик, эзгулик истаб муомалага киришамиз. Шундай экан, юрт осойишталиги, инсонлар аро аҳиллик ва муроса, ўзгани тушунишга интилиш, Аллоҳ яратган барча мавжудотга самимий меҳр кўзи билан ёндошув - ҳақиқий исломий қадриятлардандир ва бугун биз мустақиллик маънавиятини ушбу асос нуқталарга таяниб шакллантирмоқдамиз. Тан олиш керак, Юртбошимиз ушбу йўлда ҳар жиҳатдан бизга намуна кўрсатмоқда, фақат биз ушбу самимий уринишларга жиддий эътибор қаратсак, уларни кўнгилда таҳлилдан ўтказиб, амалда ўзимиз учун ибрат қилиб олсак, бас. “Агар биз адолатли давлат, эркин жамиятни қурмоқчи бўлсак, бу олийжаноб мақсадни амалга ошириш йўллари минг йиллик диний ақидалар билан муштарак эканлигини ёдда тутишимиз лозим”[4], дейди Президент.

3-фасл. Дин ва маънавият.  Умумий ва фарқли  жиҳатлар.

Posted Ша, 01/23/2010 - 21:43 by Admin

Аллоҳ имонли одамнинг қалбида бўлади. Имонли одам имонини  бировнинг «бошини уриб ёриш»га  восита қилмайди. “Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда”, дейди И.А.Каримов[1]. Бу шунчаки гап эмас. Айни шу маъно Аллоҳнинг китобида қатор оятлар мазмунини ташкил этади. Ушбу матн бошида эслаб ўтилган “Нур” сурасининг 35-оятида эса бу ғоя бевосита ифодаланган. Кейинчалик бу ғоя пайғамбар ҳадисларида, буюк тасаввуф шайхлари, пири муршидларнинг ҳикматларида мукаммал талқинини топди.

Миллий маънавиятимиз  анъаналарига таяниб хулоса қиладиган  бўлсак, инсоннинг Ҳақ билан боғлануви икки йўналишдадир. Биринчиси, инсоннинг моддий вужуд сифатида Аллоҳ томонидан яратилганлигига оид бўлиб, бунда инсон табиатнинг узвий қисми сифатида намоён бўлади. Биз бу ҳақда олдинги бобда ҳам айтиб ўтдик. Аммо инсоннинг Ҳақ билан туташуви фақат “биринчи туртки” масаласига бориб тақалмайди. Иккинчи йўналиш ҳам бор. Маълумки, инсоннинг ҳар бир хатти-ҳаракатида Аллоҳнинг иродаси намоён бўлади. Аллоҳ инсоннинг яратувчиси, унга ризқ ато этувчи бўлиш баробарида уни ҳидоятга йўлловчи ҳамдир. Охирги масалада бир ўзига хос жиҳат бор. Аллоҳ инсонни яратади, шу билан бирга моддий дунёнинг турли неъматлари орқали унинг ризқини ҳам сочиб қўяди. Бироқ бу дунё инсон учун синов дунёси. Шундай экан, Аллоҳ ҳидояти мажбурий тарзда эмас, балки ихтиёрий бир шаклда, даъват, таклиф шаклида намоён бўлади. Яъни, бу дунёда Аллоҳ таоло инсонга тўғри йўлни танлаш имкониятини бермоқда. Инсон ҳаётининг ўзига хослиги, бошқа мавжудоту махлуқотлардан фарқи шунда. Чунки Аллоҳ инсонни ер юзида халифа қилиб яратган, шу сабабли унга бу дунёда ирода эркинлигини ҳам берган. “Файзи илоҳий” масаласи ҳам олдинги бобда ёритилди. Пайғамбарларга Аллоҳ ҳидояти бевосита ваҳий шаклида ғайри моддий мавжудотлар бўлмиш фаришталар орқали юборилса, оддий инсонларга “файзи илоҳийни” етказувчи, биз истеъдод, илҳом, каромат, башорат каби номлар билан белгиловчи, ғайри моддий воситалар ҳам мавжуд. Бу ҳодисаларни моддий асосда турлича изоҳлашга уринишлар фанда ҳечқачон кўнгилдагидек самара берган эмас, чунки моҳиятан ғайри моддий ҳодисаларни моддий дунё қонуниятларига таяниб изоҳлашга уриниш ўзи аслида ғайри илмий тамойилларга етакловчи ҳаракатдир. Маънавият инсоннинг Ҳақ билан бевосита боғланишидир. Бу - асос моҳиятига кўра ғайри моддий муносабат. Демак, маънавиятни биринчи йўлдан эмас, айни иккинчи йўлдан бориб қидирган мақсадга мувофиқроқ.

“Дин халқ учун афюндир” дегувчилар инсоннинг энг  муҳим эҳтиёжларидан бўлмиш имон эҳтиёжини тан олмайдилар ёки  назарга илмайдилар. Имон-эътиқод  эҳтиёжи, агар у самимий инсон  бўлса, ҳатто даҳрийда ҳам бўлади. Фақат у ўз ботиний эҳтиёжини кўпчилик эътиқод қилувчи динлардан эмас, турли ”изм”лардан қидиради ёки шахсан ўзи учун алоҳида эътиқод тизими яратишга уринади. Бу, албатта, инсонга хос кибр ва гумроҳликнинг нишонаси, холос. Йўқ, нарсани кашф этишга уринишдан кўра, кўпчилик тан олган нарсани тушуниб, моҳиятан англаб етишга ҳаракат қилиш, бизнинг назаримизда, самаралироқ йўлдир.

Қалбни, кўнгил кўзгусини поклаш аввало имон-эътиқоддан бошланади. “Эзгуликка садоқати бўлмаган, бирор нарсага ихлос қўймаган, ишонмаган одам қўрқинчлидир”, деб огоҳлантиради Президент[2]. Албатта, маълум бир даврда коммунистик ғояга ҳам самимий ишонганлар бўлган, соф виждонли даҳрийлар ҳам ҳаётда учраши мумкин. Аммо даҳрийлик инсон тарихида алоҳида ҳолатларда бир-бир намоён бўлувчи ҳодиса. Дин эса асрлар давомида миллион-миллион инсонларнинг эътиқодини шакллантириб келган. Жумладан, ислом дини 14 асрдан бери улуғ бир минтақада инсонлар тафаккур йўналишига таъсир ўтказиб келмоқда. Марксизм онгимизда аждодлар салоҳиятига нописандликни тарбиялади. Кимки 5-6 аср илгари ўтган бўлса, унинг мулоҳазалари бизга ноқис кўринадиган бўлди (айни марксизм ақидаларига номувофиқлиги туфайли). Ўз вақтида биз Имоми Аъзам, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро ва ҳоказо юзлаб жаҳоншумул улуғ алломаларнинг эътиқодини “афюн” деб эълон қилдик ва асло этимизга ўйлаб кўрмадик-ки, “хўш, улар яратган улкан маънавий меросга ўзимиз бир мисқол қўшиш қудратига эгамизми?” Мустақиллик бизга имонимизни, эътиқодимизни қайтариб берди. “Ислом дини бу ота-боболаримиз дини, - дейди И.А.Каримов,-у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканлигини унутмайлик”[3].

Бугунги кунда  диёнат, ахлоқ тушунчалари имон-эътиқоддан ажралмас эканлиги равшан бўлиб қолди. Аммо ислом маърифати масаласида ҳануз жиддий хулосага кела олмай, гумон аралаш турибмиз. Онгимизни марксизм ақидалари тугал тарк этмас экан, бу масалада узил-кесил хулосага келишимиз, албатта, мушкул. Чунки туғилганимиздан буён марксистик мафкура бизнинг ёшимиздаги авлодга бирдан-бир ҳақиқий илм - фақат ҳаётни материалистик идрок этишга асосланган илмдир деб уқдириб келган. Яқин ўтмишда шундай ялпи тарғибот таъсирида таълим олган кўпчилик тенгдошларимиз (устозларимиз ҳам) “илм бошқа, дин бошқа” деган ақидани тарк этишга ботинмай туришипти. Диний илмларни ҳақиқий илм қаторига қўшиш мумкинлигига шубҳалари тўлиқ тарқаган эмас. Туппа-тузук академикларимизнинг китобларида бугун ҳам Пайғамбаримизга “ваҳий” келишини сиёсий мақсадлар билан изоҳлашга интилиш кузатилади. Аслида эса илм фақат ақлга таянмайди. Айниқса, ижтимоий соҳа, маънавиятга алоқадор соҳаларда ақлий ва нақлий илмлар мутаносиблиги муҳим ўрин тутади. Бизгача ўтмишдан етиб келган китоблар ҳам икки тоифа – 1) илоҳий матнларга таянувчи, яъни “ваҳий” орқали етиб келган, 2) инсоний матнлар асосидаги, яъни инсонлар ижод этган китоблар. Булардан биринчиларининг мазмуни азалий ва абадий моҳиятга туташади, иккинчилари эса муайян замон ва маконда яшаб ўтган инсонларга тегишли бўлгани туфайли, айни ўша замон ва маконнинг таъсиридан холи эмас, яъни уларга мутлақ ҳақиқат сифатида ёндошиш нотўғри бўлади. Масалан, Қуръон оятлари мазмуни ўзида мутлақ ҳақиқат сирини яширгандир, аммо унинг турли тафсирлари муфассирлар шахси билан, уларнинг турлича талқини билан боғлиқ. Илмларни турларга ажратадиган бўлсак, масалан, мақсад йўналишига кўра фарқлаш мумкин. Шунда дунёвий мақсадларга йўналган ёки ухравий (охиратга, яъни бу дунёдаги фаолиятимизнинг у дунёдаги оқибатига оид) мақсадларга йўналган илмлар ҳақида гапириш мумкин бўлади. Маънавият айни дунёвий ва ухравий мақсадларимизни уйғунлаштиришга оид соҳадир. Хулоса қиладиган бўлсак, Ҳақ йўлида қилинадиган ҳар қандай илм ҳақиқий илмдир ва у инсон руҳини поклашга хизмат қилади, илмда ҳақиқатдан ҳар қандай чекиниш эса жаҳолатга олиб келади.

Юқорида санаб  ўтилган умумий жиҳатлардан келиб  чиқиб, баъзилар дин ва маънавиятни  бир нарса деб қарашга мойил  бўлишади. Бу унчалик тўғри эмас. Ҳар бир инсоннинг ўз дини бўлмайди. Динлар кўп дунёда, лекин улар муайян. Дин - илоҳий китоблар орқали нозил этилган алоҳида қонун-қоидаларни билдиради. Маънавиятни қатъий қонун-қоидалар тарзида тасаввур қилинмайди. Ҳар бир шахс маънавияти ўзига хос, ҳар бир инсоннинг ўз маънавий олами мавжуд. Дин инсоннинг дилида бўлиши керак, албатта, аммо ҳар бир инсон бир динни қабул қилиб олади ва унинг қонун-қоидаларига умр бўйи риоя қилади. Маънавият эса инсон қалбидаги нур, у танлаб олинмайди, у Аллоҳнинг инояти, одамни Ҳақ йўлга етакловчи ҳодий, унинг қонун-қоидалари очиқ баён қилинган ҳукмлар билан чегаралаб берилмайди. Маънавият инсон умри давомида, миллатнинг тарихий тараққиётида такомил топиб боради, дин эса илоҳий ваҳий асосида, пайғамбар ҳадисларига таянган ҳолда уламолар томонидан муайян чегараларда қатъий қилиб белгилаб берилади, бу чегараларни ҳар ким ҳам ўзгартира оладиган нарса эмас. Ҳар ҳолда бизнинг тасаввурларимиз шундай. Навоий “Талаб водийсининг сифати”да ёзади:  

Куфр ила имонга ургайсен илик,

Бу таъмадинким  очилгай бир эшик.

Чун эшик очилди не куфру не дин,

Ичкари киргач қутулдинг барчадин.

Куфру имон роҳравға кеш эмас,

Асли йўлда  банди роҳе, беш эмас.[4]  

Самимий диний эътиқод маънавият эшикларидан биридир. Яна бир нозик масала. Кўпроқ оддий эътиқод эгалари динни сунна даражасида идрок этадилар. Яқин ўтмишда, илм ва имон икки қутбга ажратиб ташланган, санъат марксизм ғояларининг тарғиботчисига айлантирилган бир шароитда, дарҳақиқат, Қуръон ва пайғамбаримиз ҳадислари дин аҳли учун ягона маънавий паноҳ бўлган эди. Аммо воқеликда миллий маънавиятимиз майдонлари беҳудуддир. Ўз вақтида буюк алломаларимиз ижодида илм ва мантиқ, ирфон ва бадиият оламлари имондан ташқари бўлмаган, балки илм ва имон бир-бирига қувват бағишлаган, тавҳид эътиқодини идрок этиш илм ва ирфон орқали теранлик касб этиб борган.                             

Дин ва маънавиятни  бирлаштирувчи фазилат эътиқоддир. Диннинг зоҳирий ва ботиний жиҳатлари  бор. Ботиний жиҳати имон бўлиб, қолгани - ибодатлар - зоҳирий жиҳатлар, улар имонни муайян ташқи ҳаракатлар билан тасдиқлайди. Аммо имон фақат тилда бўлса, исломий ҳаёт қонунлари билан ички маънавий уйғунлик ҳосил қилинмаса, унда маънавият нуқтаи назаридан даҳрийнинг ўз ақидасига эътиқоди мунофиқнинг ташқи диндорлигидан афзал бўлиб чиқади. Чунки эътиқодли даҳрий дўзах азоблари хавфи олдида ҳам ўз билганидан қайтмайди. Мунофиқ эса ўз ҳаёт тарзи билан ҳалол инсонларнинг динга ихлосини қайтаради. Диннинг зоҳири сақлаб қолинса-ю, ботинига эътибор етарли бўлмаса, дин хурофотга айланади. Динни хурофот даражасида тушунган зоҳирбин ақидапараст нуқтаи назарида дин ва маънавият буткул бир-бирига зид нарсалар бўлиб қолади. Динни ақидапарастлик даражасида тушуниш инсонлар орасида арзимаган нарсадан нифоқ чиқишига, балки оғир хунрезликларгача олиб келиши мумкин. Бундай ёндошувда турли дин вакиллари орасидагина эмас, хатто бир динга эътиқод қилувчилар орасида ҳам қонли низолар келиб чиқиши ҳеч гап эмас. Тарихда бундай фожеий воқеалар кўп бўлган. Пайғамбаримизнинг энг яқин саҳобалари, Ҳақ йўлдаги халифалардан(хулафойи рошидин) ҳисобланган ҳазрати Усмон ва Алиларнинг шаҳид этилиши ғайридинлар томонидан эмас, айни ислом ақидапараст оқимларининг вакиллари томонидан амалга оширилганлиги тарихдан маълум. Сунний-шиа қирғинлари-чи? Айни шу сабаблар туфайли Президент динга маънавий қадрият сифатида ёндошувни изчил қўллаб чиқмоқда. Мустақил Ўзбекистон раҳбарияти диннинг зоҳирий жиҳатларини инкор қилмаган ҳолда, унинг ботиний, маънавий жиҳатига биринчи даражали аҳамият қаратишни мақбул кўрмоқда. Чунки жаҳон динларининг ботиний жиҳати ўзаро уйғунликни тақозо этади.

Маънавият учун турли динлар аро фарқлар муҳим  эмас, инсон қалбидаги имон нури муҳим. Бундай ёндошув кўпроқ тасаввуф ирфони соҳибларига оиддир.

Ҳар қандай бўлганда ҳам, эътиқод дилда бўлади, у инсоннинг  ўзи учундир, ибодатлар ташқи  хатти-ҳаракат билан ифодаланади, бунда инсон ҳам шахсий эътиқод  туйғусини қондиради, ҳам қайси  динда эканлигини ўзгаларга зоҳир  этади. Ибодатни адо этмасликнинг ҳам сабаби икки хил бўлиши мумкин. Бири - агар шахс ўзгалар учун бирор-бир савобли ишни бажаришни ўзи учун (ибодат доим инсоннинг ўзи учундир) бажариладиган ибодатдан ортиқ билса (албатта, бунда янглишуви ҳам мумкин). Иккинчиси, ўз шахсий ғарази йўлида ибодат ўрнига бошқа бир юмушга чалғиса. Ҳар икки ҳолатда ҳам инсон ўз келажак тақдирини хавфга қўяди. Аллоҳ олдида бунинг жавоби қандай - ёлғиз Яратганга аён. Ҳар ҳолда маънавият уйғунликка интилади, шу жиҳатдан мўъмин фақат ибодат билан қониқиб, ўзга амалларини эзгулик билан уйғунлаштиришга эътибор қилмаса, бундай инсонни маънавий баркамол дейиш қийин.

Динда эътиқод, тақво, ҳалол ва харом масалалари асосийлардан бўлиб, булар бевосита инсон маънавиятига алоқадордир. Маънавият  муайян маънода диннинг ботиний жиҳати билан туташади. Тақво маънавият белгиси бўлиб, ҳалол ризқ тақвонинг энг ўзак тушунчаси ҳисобланади. Бу масалалар хусусида келгусида яна батафсил суҳбатлар бўлади.

-фасл. Диний ақидапарастлик  ва экстремизм - диний  қадриятларнинг тоталитаризм  тафаккури руҳидаги ғаразли талқини сифатида.

Posted Ша, 01/23/2010 - 21:43 by Admin

Бизда давлат диндан ажратилган. Чунки давлат бошқариш сиёсат йўналишига, дин, эътиқод масаласи эса маънавиятга оид масаладир. Давлатда қонун бор, зарур ўринда куч ишлатилади, умуман, сиёсат инсонлар аро муомалага оид бўлганлиги сабабли турлича вазият бўлиши мумкин. Аммо маънавият кўнгил иши, инсоннинг ўз шахсига муносабати, асл моҳиятига мувофиқ айтилса, ҳар бир инсоннинг ягона Ҳақ олдидаги масъулияти масаласидир. Шу сабабли давлат ва диннинг бир-биридан ажратилганлиги мантиққа мувофиқдир. Жамиятдаги умумий маънавий савия қанча паст бўлса, бу жамиятда одамлар орасидаги муомалада куч ишлатиш эҳтиёжи ва эҳтимоли шунча юқори бўлади. Маънавий баркамоллик эса сиёсатни ҳам мўътадиллаштиради, куч ишлатувчи тузилмалар хизмати қисқариб, фуқароларнинг ихтиёрий бирлашуви асосидаги жамоат ташкилотларининг мавқеи ошиб бораверади.        

Динни сиёсийлаштиришга уриниш, нафақат инсонлар жамиятига  нисбатан, балки Аллоҳ олдида ҳам  энг оғир жиноятдир. Чунки бунда инсоннинг Ҳаққа эътиқоди бир гуруҳ кимсаларнинг сиёсий ғаразлари йўлида воситага, хавфли қуролга айлантирилади. Сиёсат юқорида ҳам таъкидлаб ўтилганидек, инсонлар аро муносабатларга, яъни фақат шу ёруғ дунёга алоқадор ҳодиса, дин эса Аллоҳ билан унинг бандаси бўлмиш инсон орасидаги муносабатларга доирдир. Бир инсоннинг Аллоҳга бўлган имон-эътиқодини ўзга биров ўзининг бошқаларга қарши амалга оширмоқчи бўлган бирор-бир ғаразли нияти йўлида воситага айлантиришга уринса, у икки карра жиноятга қўл урган бўлади. Биринчидан, муайян инсон шахсига қарши жиноятга йўл қўяди, чунки бир инсон иккинчи инсонни ўз ғаразлари йўлида воситага айлантиришга ҳаққи йўқ. Ер юзидаги барча мавжудот инсон учун восита, аммо ҳеч бир инсон ўзга инсонлар учун восита, қурол деб қаралиши мумкин эмас. Иккинчидан, ўзга инсоннинг Аллоҳга бўлган имонини ўз ғарази йўлида воситага айлантиришга уринган зот Аллоҳ олдида ҳам оғир гуноҳга ботади. Бундай одам, исломий нуқтаи назардан, нафақат мўминлар сафидан чиқади, балки у оддий мунофиқ даражасидан ҳам тубанлашади. Чунки оддий мунофиқ ўзи сидқидилдан мўмин бўлмаган ҳолда фақат одамлар кўзига ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринади, холос. Ўзгалар эътиқодидан ўз ғарази йўлида фойдаланмоқчи бўлиб, улар орасига диний асосда низо солишга уринган кимса эса Аллоҳ олдида мунофиқдан ҳам, мушрикдан ҳам бадтар куфрга йўл қўяди, дейиш мумкин.

“Таассуфки, баъзан ислом дини ва ислом фундаментализми  ҳақида гапирганда бу икки тушунчани бир-бирига аралаштириб юбориш ҳоллари учрамоқда”, деб ёзади Президент[1]. Ислом дини – Аллоҳнинг дини, “ислом фундаментализми” эса тор бир гуруҳлар томонидан мусулмонларнинг диний ақидаларини ўзларининг муайян сиёсий мақсадларига бўйсундириб “талқин” этишлари. Бу “талқин”лар асосида сиёсий фаолият бошланса, ислом экстремизми келиб чиқади. Аллоҳнинг китобидаги оятларни муфассирлар турлича тафсир қиладилар, пайғамбаримиз ҳадислари ҳам турлича талқин этилиши мумкин, чунки инсонларнинг масалаларга ёндошуви турлича. Аммо ўз талқинини энг тўғри деб даъво қилиб, фикрига қўшилмаганларни ислом номидан қоралаш, хатто кофирга чиқаришга уриниш, камида ўзга инсонга зулм даражасига кўтарилган такаббурликдир.

Динни экстремистик талқин этувчи гуруҳлар инсоният тарихида қадимдан маълум, аммо улар доимо озчиликни ташкил этишган. Бир ҳақиқатни очиқ тан олиш керак, ХХ аср диний экстремизми ижтимоий-сиёсий йўналишдаги ўта экстремистик ҳаракат бўлмиш марксизмдан, айниқса, унинг ижтимоий террор йўлини дастуруламал қилиб олган ленинча-большевикча кўринишидан жуда кўп нарсани ўзлаштирди. Большевикларнинг аввал собиқ Россия империяси ҳудудида, кейинроқ «социалистик система» аталмиш кенгроқ ҳудудда вақтинча ҳукмдорликни қўлга киритиши, айтиш мумкинки, "«инқилобий йўл»нинг ёлғон «имкониятлари»га маҳлиёликни кучайтириб юборди. Бунинг устига ғоявий жиҳатдан динга душманлик эълон қилган коммунист ақидапарастлар муайян ғаразлар билан ўзлари ҳукмрон бўлмаган ўлкалардаги «инқилобий ислом» тарафдорларини доимо ҳам зимдан, ҳам очиқ сиёсатда қўллаб келдилар. Бугун ҳам бундай кучлар йўқ эмас.

4-фасл. Ёш авлодни миллий  маънавиятимиз анъаналари  руҳида тарбиялаш  - улар онгини турли  ғаразли "оқимлар"  таъсиридан ҳимоялашнинг  энг самарали йўли.

Posted Ша, 01/23/2010 - 21:43 by Admin

Эътиқод маънавиятнинг ўзак томири. Эътиқодсиз кишида маънавият бўлмайди, ташқи маданий кўриниш, ҳатто анча-мунча билим ҳам бўлиши мумкин, аммо мағзида маънавият бўлмайди.

Кишида умуртқа  поғонаси шикастланган бўлса, ундай  инсон гавдасини тик тутиб  тура олмайди. Маънавий олам учун эътиқод ҳам шундай бир нарсадир. Коммунистлар олға сурган ғояларга халқ озми-кўпми ишонган, умид боғлаган даврда Совет давлати анча-мунча ўсди, ривожланди. “Коммунизм” ғоялари пуч нарса экани маълум бўлиб қолгач, аста-секин бу тузум ич-ичидан емирила бошлади ва охири барбод бўлди. Шунинг учун ёлғон ғояларга ишониш, ўйлаб топилган ақидаларнинг этагини тутиш яхшиликка олиб бормайди. Эътиқод масаласи - жиддий масала. Тарихда турли ёлғон пайғамбарлар кўп бўлган. Улар охир-оқибат бебурдликка маҳкум бўлганлар. Башарият, эл, халқ қабул қилган Олий ҳақиқатлар эса асл маъноси билан илоҳий, азалий ва абадий манбага эгадир. Ислом динимиз ана шундай илоҳий иноят ҳисобланади. Бизни 70 йил бу эътиқоддан қайтаришга уриндилар, жазоладилар, масхараладилар, тақиқладилар. Бари бефойда бўлди. СССРда мафкуравий тазйиқ кучайган сари, жаҳонда исломнинг нуфузи ошиб борди. Америка, Европа, Австралияга ислом дадил кириб бормоқда. Марксист даҳрийлар исломни араб босқинчилиги билан боғламоқчи бўлдилар. Наҳот 1400 йил аввалги босқинчилик асорати шунча кучли бўлиши ақлга тўғри келса? Александр Македонский, Чингизхон, чор Россияси олиб келган эътиқодлар қани? Ҳақиқат бошқа нарса, босқинчилик бошқа.

Имом Бухорий  каби улуғларимиз бировнинг тазйиқи  билан мусулмон бўладиган шахслар  эмасди. Улар ҳақиқат фидойилари эди.

“Ло икроҳа фи-д-дин”, яъни “динда зўрлаш йўқ” дейилган. Аввало, исломда тадрижийлик мавжуд, Муҳаммад (САВ)га нозил этилган илоҳий китобда  ўзидан аввалги китоблар ва барча  пайғамбарлар, жумладан, Мусо ва Исо  алайҳиссаломлар тўлиқ эътироф этилади ва барча пайғамбарларнинг ҳурмати баробар эканлиги таъкидланади. Қолаверса, маънавият аҳли учун юзта мусулмонлик даъвосини қилувчи риёкордан битта эътиқодли даҳрий ёки бутпараст афзал. Аждодларимиз бизга шундай таълим беради. Масалан, Амир Хусрав Деҳлавий “Ширин ва Хусрав” достонининг “Дар фазилати ишқ” бобида ёзади:  

Ба ишқ гар  бутпарасти, дин-т пок аст,

Ва-гар тоат куни би ишқ хок аст.[1]

(Сен ишқда  бутпараст бўлсанг - дининг пок,

Агар ишқ бўлмаса, тоат эрур хок.)  

Пайғамбаримиз учун ватан ва имон тушунчалари бир-биридан  ажралмас эди. Маккадан Ясрибга ҳижрат қилиш ул жанобнинг имонларини янада  бақувват қилди. Бугун ҳам хориждаги  биродарларимизнинг кўпчилиги учун имон ва Ватан меҳри бир-бирини қувватлаб турибди, зеро Ватанига тош отган кимсалардан имон умиди ҳам беҳудадир.

Маърифат йўллари  беҳисоб. Биз имон ҳақида гапирдик. Аммо имон даражалари ҳам ҳар хил: тақлидий имон бор, унга ибрат босқичида  эришилади, агар уни илм билан мустаҳкамланмаса, оқибати яхши бўлмаслиги мумкин, чунки бундай инсонлар ишонувчан бўладилар, бугунги мураккаб дунёда макр тузоғига тушиб қолишлари хавфи бор. Ибрат ва илмдан ташқари, миллий маънавиятимиз анъаналарида риёзат ва меҳр йўллари ҳам маърифатга оид ҳисобланади. Инсон руҳи Борлиқ ҳақиқати билан доимий уйғунлигини сақлаши учун ибрат ва илм, риёзат ва меҳр маърифати уни бир зум тарк этмаслиги талаб этилади, айни шулар кўнгил кўзгусини пок тутиб туради. Ўз навбатида Борлиқ ҳақиқатини англаб етишнинг ҳам ўз даражалари борки, улар улуғ маънавий қадриятлар – Ватан, Шахс, Миллат, Адолат, Ҳақиқат аталмиш силсилада ифодасини топади. Буларнинг ҳар бири ҳақида Ўзбекистон Президенти асарларида келтирилган қимматли фикр ва мулоҳазалар таҳлили алоҳида тадқиқотларга мавзу бўла олади. Биз ҳозирча фақат баъзи энг умумий мавзуларга қисқача тўхталиб улгурдик. Яна кўп масалалар ҳақида баҳс ҳали давом этади. Аммо барибир маънавият хусусидаги баҳс инсон ҳаёти давомида тугамайди. Дин ва маънавият нисбати ҳақидаги суҳбатнинг хулосаси шуки, динни сиёсийлаштиришдан қочиш, унга буюк маънавий қадрият сифатида ёндошиб, ёшларимиздаги эътиқод эҳтиёжини айни шу йўналишда, Президентимиз “жаҳолатга қарши маърифат”деб чиройли ифодалаган маънода ботиний қудратга, маънавий камолот сари етакловчи боқий қувватга айлантириш учун бутун имкониятларни сафарбар қилмоғимиз зарур.

 
 

[1]          Амир Хусрау Дихлави. Ширин и Хусрау. М.-«Наука»-1979, с.40

‹ 3-фасл. Дин ва маънавият. Умумий ва фарқли жиҳатлар. Мундарижага 6-боб. Маънавият, сиёсат ва ахлоқ. ›

  • Milliy ma'naviyat:
    • Milliy manaviyatimiz asoslari
  • Мулоҳаза қолдириш учун сайтга киринг

А. Тарбия йўналишлари: Эътиқод тарбияси.

Posted Пай, 01/28/2010 - 22:37 by Admin          

 Ёш авлод  маънавий тарбиясини қандай қилиб  самарали ташкил этиш мумкин. Бунинг учун, аввало, “маънавий баркамол инсон” деганда нимани тушунамиз, шуни аниқлаб олишимиз лозим. Маълумки, шахс маънавияти анчагина мураккаб моҳият бўлиб, унинг турли жиҳатлари, қирралари, маънавий камолотнинг турли поғоналари ҳақида сўз юритиш мумкин. Уларнинг ҳаммасини бирдан қамраб олиш қийин, шунинг учун шахс маънавиятининг энг асосий жиҳатлари - имон, илм, масъулият ва меҳрга биринчи навбатда эътибор қаратиш лозим. Буларнинг ҳар бири ўз вақтида миллий маънавиятимизнинг тарихан шаклланиш жараёнида буюк аждодларимиз томонидан мукаммал ишлаб чиқилган. Агар қайсибир инсонда ушбу асослардан бири оқсайдиган бўлса, бундай инсон маънавий баркамолликдан мутлақо узоқ бўлади.         

 Аввало, бугунги  кунда маънавий тарбия соҳасида  эътиқод тарбияси биринчи даражали аҳамиятга эга эканлигини жиддий англаб етишимиз керак. Миллиймаънавиятимизнинг шаклланишида ислом маърифатининг беқиёс аҳамияти ҳақида Президнтимизнинг фикрлари билан олдинроқ танишиб ўтдик. Шу ўринда диний тарбия ва маънавий тарбиянинг энг ҳассос жиҳатларидан бўлмиш  эътиқод тарбияси ўртасидаги умумий ва фарқли томонларга эътибор қаратиш зарур. Маълумки, диннинг ботиний ва зоҳирий жиҳатлари бор. Бунда ботиний жиҳати имон бўлса, зоҳирий жиҳати ибодатлардир.  Маънавий тарбияда имон-эътиқод муҳим ўрин тутади, аммо ибодатлар масаласи диний тарбия тасарруфидаги юмуш бўлиб, бу соҳанинг ўз одамлари бор. Бугунги дунёда асосан давлат диндан ажратилган ва ижтимоий таълим-тарбия жараёни ҳам диний тарбияга аралашмайди. Чунки диний тарбия, биринчидан, албатта муайян динга тааллуқли бўлади ва ушбу динга бевосита алоқадор муассасаларда ушбу диннинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. Масалан, мусулмонларни ислом дини руҳида тарбиялаш мусулмонлар диний идораси, масжид ва мадрасалар, ислом уламолари томонидан муайян доира ва тартибда олиб борилади. Бу соҳада ота-оналарнинг ҳам ўз махсус билим ва салоҳияти даражасида фарзандларга таъсири бўлиши мумкин. Ёки христиан (масалан, православ) диний эътиқодида бўлган оилаларда ҳам фарзандлар шу дин ақидалари руҳида тарбияланиши мумкин.         

 Эътиқод тарбияси диний тарбияни инкор этмайди ва айниқса, собиқ Шўролар даври атеистик тарбияси сингари асло диний эътиқодларга қарши курашишни мақсад қилиб қўймайди. Эътиқод тарбиясининг биринчи принципи ҳар бир ёруғ жаҳонга келган инсон ўзи хоҳлаган эътиқод тизимини эркин танлаш ҳуқуқига эга ва унга шу имконият берилиши керак. Ҳар бир инсон муайян диний эътиқод тизимини танлаши ёки бирор-бир динга эътиқод қилмаслиги, яъни атеистик ёки материалистик эътиқод эгаси бўлиши мумкин.         

 Эътиқод тарбиясининг  иккинчи асосий принципига ўтишдан олдин Россия мусулмонлари муфтийлар Кенгаши раиси жаноб Равил Гайнуддин ҳазратларининг “Бугунги Россияда ислом” китобидан бир иқтибос келтирсак: “(Бугунги кунда) исломнинг инсон ҳақидаги, мусулмон шахси ҳақидаги таълимотини ёритувчи адабиётнинг етишмаслиги айниқса яққол сезилиб қолмоқда. (Бугунги) Россиянинг ўзига хос шароитларида у (яъни мусулмон киши) қандай яшаши ва хатти-ҳаракатда бўлиши керак, ҳар қадамда дуч келаётган муаммоларга қандай муносабат кўрсатиши керак. Ушбу масалаларни ҳал қилиш бугунги илоҳиёт фанининг биринчи даражали вазифаларидандир.”[1]Муфтий ҳазратлари қўйган масала, бизнинг назаримизда, нафақат ислом илоҳиётининг, балки, кенгроқ маънода олганда, бугунги кун ёш авлод маънавий тарбиясининг ҳам ўзак муаммосидир.        

 Демак, эътиқод тарбияси маънавий тарбиянингўзак қисми бўлиб, шахс маънавиятининг асосий таркибий жиҳатларидан биринчиси имонгатааллуқлидир. Маънавият нуқтаи назаридан имон тақлидий ёки таҳлилий бўлиши мумкин. Тақлидий имон эгаси ўйлаб, бош қотириб ўтирмайди, унинг назарида эътиборли бирор одам нима деса, шунга ишониб, “хўп” деб кетаберади. Бундай имон эгасини йўлдан адаштириш жуда осон, чунки у ўйлашни, бир муаммони жиддий ўрганишни ёқтирмайди. Турли бузғунчи оқимлар айни шундай илмсиз имон эгаларидан усталик билан фойдаланишлари мумкин. Таҳлилий имон эгаси бир нарсага шундоққина ишониб қўя қолмайди, балки ўзи мойил бўлган эътиқод тизимини илмий асосда обдон ўрганади, китоб ўқийди, ўқиганда ҳам мантиқан таҳлил қилиб, бошқача қарашлар билан жиддий қиёслаб ўқийди, ҳар томонлама мулоҳаза қилиб кўради ва тўлиқ ишонч ҳосил қилгач, ўз ҳаётини ўзи танлаган ва моҳиятан англаб етган эътиқод тизими асосларига мувофиқ қуришга ҳаракат қилади, ҳар бир хатти-ҳаракатини шунга қараб белгилашга уринади. Демак, эътиқод тарбияси дегандаболани (инсонни) муайян эътиқодга мойил қилишга ёки муайян ибодатларни қандай бажаришга эмас, балки ҳар бир ёшни ўзи эркин танлаган эътиқодига илм ва масъулият руҳида ёндошишга ўргатишни тушуниш керак бўлади. Инсонда эътиқод бўлмаса, унда тайинли, залворли мақсад ҳам бўлмайди. Инсон ўз олдига катта бир мақсад қўйиб, уни амалга ошириш йўлида астойдил, масъулият билан ҳаракат қилмас экан, бундай одам ҳаётда ўзига ҳам, яқинларига ҳам, жамиятга ҳам тайинли фойдаси тегмайди, онгли шахсга айланмайди, оддий биологик мавжудот сифатида ётиб-туриб, топганини еб-ичиб ўтиб кета беради, ёмон ниятли одамнинг қўлига тушса, уни ҳар йўлга бошлаши, жиноятга шерик қилиши ҳам мумкин. Тақлидий имон бу ўринда фойда бермайди, қайта ишни бадтар чигаллаштириши эҳтимол. Бугунги кун бизнинг юртимизда эмас, балки бутун жаҳонда эътиқод тарбияси ўта долзарб муаммога айланганлигининг асл илдизи шу ерда.